Талабалар онлайн шаклда турар жойга ариза беради

2024-2025 ўқув йилидан бошлаб талабалар учун давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойига жойлашиш онлайн шаклда амалга оширилмоқда.

Бунда аввал “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар устуворлик асосида талабалар турар жойига қабул қилинади.

Шунингдек, олий таълим муассасаларида талабаларни ижара хонадонларига жойлаштириш бўйича марказлар фаолият юритмоқда. Масалан, талабаларни муносиб кутиб олиш, уларни қулай ва ишончли ижара уйлар билан таъминлаш мақсадида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида талабалар турар жойлари ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази фаолият олиб бормоқда.

Институт атрофидаги уйлар масъуллар иштирокида кўздан кечирилиб, талабаларни ижарага қўйиш истагини билдирган хонадон эгаларидан рўйхат шакллантирилган. Энди талабалар ҚР-код сканер қилиш орқали ижара хонадонлари ҳақида тўлиқ маълумот олишлари мумкин.