Талабаларни қийнаётган турар жой муаммоси қандай ҳал бўляпти?

Кейинги йилларда янги олий таълим муассасаларининг очилиши, қабул квоталарининг оширилиши талабалар турар жойига бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлди. Бу муаммонинг ечими сифатида 2021 йил 9 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, давлат-хусусий шериклик асосида талабалар турар жойлари қуришга рухсат берилди. 2022-2025 йилларда вилоятдаги олий таълим муассасаларида давлат-хусусий шериклик асосида жами 25 та талабалар турар жойи қуриш белгиланди.   

Бундан ташқари, талабаларни турар жой билан таъминлаш мақсадида олий таълим муассасалари яқин маҳаллалар билан ҳамкорликда ижара уйлари топиш, талабаларни ижара уйларига жойлаштириш каби фаолият билан ҳам шуғулланяпти. Хўш, бугун вилоятдаги олий таълим муассасаларида талабалар турар жойига бўлган талаб қай даражада қондириляпти? Ҳақиқатда талабалар турар жойлари қуриляптими? Шу каби саволларга олий ўқув юртларидан жавоб изладик.

Самарқанд давлат чет тиллар институтидаги 5 та талабалар турар жойи 2020 ўринга мўлжалланган. Институтда 11594 нафар талаба бўлса, улардан 8289 нафари кундузги таълим шаклида таҳсил олади. Уларнинг 2020 нафари талабалар турар жойида, 3073 нафари ўз уйи ёки яқин қариндошиникида истиқомат қилади. Турар жойга эҳтиёжи бор талабалар учун институт атрофидан 700 га яқин ижара хонадонлари тайёрланиб, талабалар жойлаштирилган.

Шунингдек, институтда талаба-ёшларни ижара хонадонларига ва талабалар турар жойларига жойлаштириш учун марказ фаолияти йўлга қўйилган. Марказ ходимлари институт яқинидаги маҳаллалар билан ҳамкорликда захира ижара хонадонларини топишда ёрдам бермоқда.

Бундан ташқари, институтнинг Самарқанд шаҳар Гагарин кўчаси 43-уй манзилидаги ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида 400 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи қурилмоқда.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида шу кунга қадар 850 ўринли иккита талабалар турар жойи мавжуд эди. Янги ўқув йилида давлат-хусусий шериклик асосида 400 ўринли учинчи талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. Шунингдек, университет ҳовлисида яна давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 300 ўринли талабалар турар жойи қурилмоқда.

Бугунги кунда университетда 3878 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 1250 нафари талабалар турар жойида истиқомат қилса, 573 нафари ижара хонадонларида, қолганлари ўз хонадони ёки қариндошларининг уйида яшайди.

Ўзбекистон-Финландия педагогика институтида 10465 нафар талаба бўлса, 6388 нафари кундузги, 1451 нафари кечки, 2415 нафари сиртқи таълим шаклида ўқийди. Институтда 1200 ўринли 4 та талабалар турар жойи мавжуд. талабаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида 400 ўринли талабалар турар жойи қурилмоқда ва жорий йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Мавжуд барча талабалар турар жойларида ошхона, кир ювиш хоналари, ювиниш хоналари ва ҳожатхоналар янгидан дизайн қилиниб, жиҳозланган. Талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳар бир ётоқхонада маънавият, тикувчилик, компьютер, спорт зал ва тиббиёт хоналари мавжуд. Турар жойлар сиғимидан келиб чиқиб, 660 та ўрин қизлар, 190 та ўрин ўғил болалар ва 350 та ўрин турли имтиёзга эга талабалар учун ажратилган.

Институтда “Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази” ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар мазкур марказга ётоқхоналар бўйича 1033 та, ижара хонадонлари бўйича 862 та ариза келиб тушган. Институт яқинида жойлашган 203 та ижара уйлари ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилган. 2000 дан ортиқ талаба ижара хонадонларига жойлаштирилган.

Афсуски, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилиши режалаштирилган талабалар турар жойларининг ҳаммаси ҳам муаммосиз, вақтида қурилаётгани йўқ. Масалан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида юқорида келтирилган қарорга кўра 2022 ва 2024 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 2 та, яъни ўз ҳудудида ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган ер майдонида 1 тадан талабалар турар жойи қурилиши белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилда қурилиши режалаштирилган талабалар турар жойи учун институтнинг Самарқанд шаҳри, Шоҳрух кўчаси 41-уй манзилидаги ўз ҳудудидан 0,3 га ер майдони ажратилган. Мазкур ҳудудда жойлашган институт биноси (магистратура бўлими биноси) тарихий бино эканлиги сабабли қурилишга рухсат берилмаган. Мазкур ҳудудда икки қаватдан баланд бинони қурилиши мумкин эмаслиги маълум бўлгач, 400 ўринли талабалар турар жойи қурилмаган.

Шунингдек, қарорда институтга вилоят ҳокимлиги томонидан 1,5 км масофада давлат-хусусий шериклик асосида талабалар турар жойи қуриш учун жой ажратилиши белгиланган. Аммо ҳозирги кунга қадар ер майдони масаласи ечилмаганлиги сабабли ўз ҳудудидан ер майдони ажратадиган салоҳиятли тадбиркорларни жалб қилиш ишлари олиб бориляпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сонли қарорига асосан давлат олий таълим муассасасининг буюртмаси ва тадбиркорлик субъектининг ташаббуси асосида тадбиркорга тегишли ер майдони ёки бинода камида 50 ўринли талабалар турар жойларини ташкил этиш тизимини жорий этиш белгиланган. Айнан шу мақсадда, “Самарқанд Шебен класс” МЧЖ томонидан Самарқанд шаҳар, Рудакий кўчаси, 229-уй манзилида 600 ва 240 ўринли талабалар турар жойини институт талабалари учун қуриш лойиҳаси тайёрлаган. Ушбу МЧЖ билан ҳамкорликда талабалар турар жойи биносини қуриш ва жиҳозлаш концепцияси ҳамда тадбиркор мулкидан фойдаланиш тўғрисидаги битимлар расмийлаштирилган. Юқоридаги МЧЖ ётоқхонанинг 240 ўринли қисмини 2023-2024 ўқув йилида фойдаланишга топширган, қолган қисмини жорий йилнинг якунига қадар фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда.

Институтда 2024-2025 ўқув йилида жами 8847 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан 3636 нафари кундузги таълим йўналишида ўқийди. Институтда ҳозирча битта 375 ўринли талабалар турар жойи мавжуд.

Давлат-хусусий шериклик асосида қурилиши белгиланган талабалар турар жойларининг барчаси қуриб, фойдаланишга топширилса, вилоятдаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжи қисман қопланади. Ҳарҳолда олий таълим муассасаларининг 40-50 фоиз талабалари ётоқхона муаммосидан қутилади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.