Талабалар учун янги имкониятлар

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ва “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ташаббуси билан Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ва Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалида талабалар иштирокида учун очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда талабаларнинг ижтимоий иш соҳасига бўлган қизиқишларини ошириш, бўлажак ёш мутахассисларни ташкилот фаолияти билан яқиндан таништириш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Асосан иш, психология, социология ва иқтисодиёт таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалар ва профессор-ўқитувчилар иштирок этган учрашувда “Инсон” марказининг асосий йўналишлари, аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматларнинг кўрсатилиш тартиби, иш жараёнлари ва мавжуд имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, талабалар агентликнинг вилоят бошқармаси ва марказ ходимлари ва фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар, малака ошириш имкониятлар ҳақида тушунчага эга бўлишди. Тадбир якунида битирувчилар орасида келгусида ушбу тизимда ишлаш ниятида бўлган ёшлар сони кўп эканлиг маълум бўлди.

Таълим олиш билан бирга ижтимоий соҳа мутахассисларига беминнат ёрдам кўрсатган фаол ёшларга агентликнинг вилоят бошқармаси ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.

Азамат Аминов.