Таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар дезинфекция қилиняптими?
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси таркибидаги хўжалик ҳисобидаги профилактик дезинфекция бўлими томонидан Самарқанд давлат тиббиёт университети талабалар ётоқхонасида дезинфекция, дезинсекция ва дератизация тадбирлари ўтказилди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини санитария-эпидемиологик осайишталиги тўғрисида"ги қонунида корхона-ташкилот, муассасаларда дезинфекция тадбирларини ўтказиш белгиланган. Унда профилактик дезинфекция тадбирлари юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартнома асосида дезинфекция станциялари ва бўлимлари томонидан олиб борилиши қайд қилинган.
- Ушбу қонун ижроси вилоятимиздаги айрим ташкилот ва муассасалар томонидан бажарилмасдан келинмоқда, - дейди ввилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси профилактик дезинфекция бўлими мудири Ўктам Ғаниев. - Ваҳоланки, касаллик қайд қилингандан кейин ўтказилган тадбирлардан кўра касаллик келиб чиқишининг олдини олиш учун профилактик мақсадда ўтказилиши лозим бўлган дезинфекция, дезинсекция ва дератизация тадбирларини аҳамияти жуда катта ва камхаражатдир.