Таълим ва ишлаб чиқариш жараёни узвий давом этиши керак

2020 йилнинг 25 декабрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида давлатимиз раҳбари бир қатор ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Жумладан, ўғил-қизларни қийнаётган жиддий муаммолардан бири бўлган ёшларнинг ўқишни тамомлагандан кейинги ҳаёти ва уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи.

Президентимиз мактаб ва коллеж битирувчилари, баъзан олий маълумотли йигит-қизларнинг ҳам иш топишда қийинчиликка учраётганлигини инобатга олиб, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари тажрибасини оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу тизим, 7-11 синф ўқувчиларига мактабда таълим бериш билан бирга уларни касбга ўргатиш тизими саналади.

Табиийки, шу ўринда бу ёшларга нима беради деган савол туғилади. Бу саволга жавоб тариқасида шуни таъкидлаш жоизки, ёшлар таълим олиш билан бир қаторда ўзининг келажаги учун ҳам замин яратади. Ўқувчи 11-синфда туман ёки шаҳар ҳокимлигининг бевосита назоратида эканлигини ҳис қилади. Агар олий ўқув юртига кира олмаса, маҳаллий раҳбарлар уни албатта иш билан таъминлайди.

Масаланинг яна бир жиҳати иш берувчилар ёш мутахассисни ўз жамоасига қабул қилишдан манфаатдор бўлади, уларга ёш кадрларни ишлатган даври учун тегишли имтиёзлар тақдим этилади. Демак, таълим ва ишлаб чиқариш жараёни узвий давом эттирилади.

Абдулла Аслонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалалари бўйича комиссияси раиси.