Таниқли драматург Шароф Бошбеков вафот этди
Ўзбек адабиёти, драматургияси оғир жудоликка учради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати”ордени соҳиби, таниқли драматург Шароф Бошбеков бугун, 26 январь куни 71 ёшида оламдан ўтди.
Шароф Бошбеков 1951 йил 4 январда Булунғур тумани Ғубир қишлоғида туғилган. 1974 йили Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган.
Дастлаб Муқимий номидаги давлат мусиқали театри, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида фаолият кўрсатган. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий давлат академик драма театрида адабий ходим бўлиб хизмат қилган.
Шароф Бошбеков ёзувчилик ижодини 1980 йилда “Тақдир эшиги” номли комедия билан бошлаган. Шундан сўнг адибнинг бирин-кетин ёзилган “Г” варианти”, “Ғурур”, “Жумбоқ” ҳикоялари, “Тикансиз типратиканлар”, “Мусиқа сайёраси”, “Тентак фаришталар”, “Тушов узган тулпорлар” драмаси, “Эшик қоққан ким?”, “Эски шаҳар гаврошлари”, “Темир хотин” каби жиддий комедиялари ўзбек драматургияси хазинасини бойитди.
“Темир хотин” комедияси нафақат республикамиз, балки бошқа мамлакатлар театрларида ҳам саҳнага қўйилди. Мазкур асар аввал Республика миқиёсида ўтказилган театр фестивалида бош соврин – “Гран-при”ни қўлга киритди, сўнгра Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўтказилган театр фестивалининг мутлоқ ғолиби, деб топилди.
Шароф Бошбеков сценарийси асосида “Маъруф ва Шариф”, “Юзсиз”, “Тилла бола” каби фильмлар яратилди. У “Масхарабоз”, “Фарҳод ва Ширин” фильмларида ҳам сценарий муаллифи, ҳам режиссёр сифатида иштирок этди. Унинг сценарийси асосида “Чархпалак” телесериали суратга олинган.
“Эшик қоққан ким бўлди?”, “Фалакнинг гардиши”, “Мусофир бўлмагунча”, “Тентак фаришта”, “Чархпалак”, “Танланган асарлар” каби тўпламлари нашр этилган.
Адиб драма ва киноқиссалардан иборат “Танланган асарлар” китоби учун 2021 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Йилнинг энг яхши асари” танлови ғолиби бўлди.
Шароф Бошбеков 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2001 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
"Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти ва Zarnews.uz сайти жамоаси адибнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.