Танзила НОРБОЕВА: Фақат аёл киши бўлгани ёки кўргазма учун аёллардан раҳбар тайинлаш шарт эмас
Мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига номзодларнинг 30 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиши керак, деган ҳуқуқий меъёр мавжуд.
Лекин депутатликка номзод танлашда уларнинг салоҳияти кўп эътиборга олинмасди. Ўтган йилги сайловларда биринчи навбатда бўлғуси депутат аёлларнинг салоҳияти эътиборга олинди. Бугун қуйи палата депутатларининг 48 нафарини, сенаторларнинг эса 25 нафарини аёллар ташкил қилмоқда. Бутун дунёда парламент раҳбарларининг 57 нафари хотин-қизлар. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Мамлакатимизда олти нафар ҳоким ҳам аёл киши.
Ушбу ва бошқа долзарб фикрлар «Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёлларнинг роли» мавзусида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган илк форумда янгради. Унда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳудудларнинг фаол хотин-қизлари иштирок этди.
- Хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг раҳбар лавозимларида бўлиши, ўз ўрнини топиши учун имконият яратиш осон кечадиган жараён эмас, - деди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева. – Йиллар давомида аёлларнинг салоҳияти эмас, шунчаки аёллиги учун, баъзи ҳужжатлардаги нормаларни бажариш учун улар депутатликка сайланди ёки раҳбарликка тавсия этилди. Мен бунга умуман қаршиман. Фақат аёл киши бўлгани учун эмас, унинг иқтидори, салоҳиятига қараб имкон бериш керак. Бугун гендер тенгликни таъминлаш масаласи деймизми, халқаро ҳужжатлардаги нормаларга амал қилиш учунми, аввало, шу масалага эътибор қаратиш керак. Ва бугун юртимизда шундай жараён бошланди. Ҳоким сифатида иш бошлаган, турли идораларда катта лавозимларда меҳнат қилаётган аёлларнинг меҳнатини самараси аллақачон сезила бошлади. Дейлик, аёллар ҳокимлик қилаётган олти туман, шаҳар турли кўрсаткичлари бўйича «яшил» тоифада.
Хабарингиз бор, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳар тўрт йилда инсон ҳуқуқлари бўйича йирик анжуман ўтказилиб, унда аъзо давлатлар эришган ютуқ ва камчиликлари ҳақида айтилар эди. Афсуски, ўтган йиллар давомида Ўзбекистон аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш, қизларнинг таълим олиши учун имкониятлар етарли эмаслиги, хотин-қизларга нисбатан турли стереотипларнинг мавжудлиги юзасидан ҳақли эътирозларни эшитиб келаётганди. 2017 йилдан ушбу ҳолатларнинг олдини олиш борасида мамлакатимизда дадил қадамлар ташланди. Хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш каби масалалар юзасидан қонун кучга кирди.
Аммо бу борада ҳали олиб бориладиган ишлар талайгина. Ушбу форум доирасида мазкур масала бўйича таклиф ва тавсиялар албатта инобатга олинади.
Форум доирасида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор ва бошқа халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идоралар вакиллари мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди. Уч йўналишда олиб борилган форумда мавзуга доир амалий ишлар бўйича маърузалар тингланди, жиддий тавсия ва таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, хотин-қизлар орасидан раҳбарлик лавозимига тайинлашда кадрлар захирасини шакллантириш, тадбиркор хотин-қизларга ижтимоий солиқ ставкасини қўллаш, «Оналар куни»ни нишонлаш ва бошқа қатор амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.