Тақдир инъоми

Бўлган воқеа

Онкология соҳаси таниқли мутахассиси Доктор Марк бир куни бошқа шаҳарда бўлиб ўтадиган конференцияда қатнашиш учун аэропорт томон йўл олди. У жуда ҳаяжонланарди, чунки бу анжуманда унинг кўп йиллик тиббий тадқиқотлари учун мукофот берилиши керак эди.

Самолёт ҳавога кўтарилганидан икки соат вақт ўтгач, техник носозлик туфайли яқин аэропортга фавқулодда қўнишига тўғри келди. Шифокор тадбирга вақтида етиб боролмаслигидан хавотирлана бошлади, у дарҳол ижарага машина олиб, конференция бўлиб ўтадиган шаҳар томон йўл олди.

Йўлга чиққанидан бирмунча вақт ўтиб, об-ҳаво ёмонлаша бошлади, кучли бўрон ва ёмғир туфайли у бурилишларнинг бирида адашди.

Икки соатлик самарасиз юришлардан сўнг у тадбирга вақтида етиб боролмаслигини аниқ англаб етди. Ниҳоятда оч қолган ва чарчаган доктор тунаш учун жой излашга қарор қилди, у эски ва кичик бир уйга дуч келди. Чорасизликдан машинадан тушди ва эшикни тақиллатди.

Эшикни аёл очди. У бўлган воқеани унга айтиб берди ва қўнғироқ қилмоқчи бўлиб аёлнинг телефонидан фойдаланишни сўради. Аёл унга телефони йўқлиги, об-ҳаво яхшиланмагунча унинг уйига кириб, ўтириб туриши мумкинлигини айтди. Ҳолдан тойган, бошқа чораси қолмаган шифокор аёлнинг таклифини қабул қилиб ичкарига кирди.

Аёл унга иссиқ чой ва овқат берди ва агар истаса, ўзи билан бирга ибодат қилиши мумкинлигига ишора қилди. Доктор Марк эса жилмайди, у барча нарсага фақат меҳнатсеварлик орқали эришишига ишонишини айтди ва бу таклифни рад этди.

Чой ичиб туриб доктор шамнинг хира ёруғлигида бешик ёнида ибодат қилиб турган аёлни кузатди ва унинг ёрдамга муҳтожлигини тушуниб етди...

У ибодатини тугатган аёлдан Худодан нимани сўраб илтижо қилганини ва каравотчада ётган бола ҳақида суриштирди. Хоним маъюс жилмайиб, бешикдаги бола унинг ўғли ва у саратоннинг  камдан-кам учрайдиган турига чалингани, фақат битта шифокор уни даволай олишини, лекин унинг олдига фарзандини олиб боришга унинг пули йўқлигини, бундан ташқари доктор Марк бошқа шаҳарда яшашини айтди. У Худо ҳозиргача унинг дуоларига жавоб бермаганини, лекин унга албатта ёрдам беришини ва ҳеч нарса унинг эътиқодини бузмаслигига ишонишини айтди.

Ҳайратда қолган доктор Марк таажжубдан йиғлаб юборди. У бугун кун давомида бошидан кечирган барча нарсани  - самолёт носозлиги, йўлини тўсган кучли бўрон, адашиб бошқа томонга кетиб қолиб, бу ерга келиб қолганини эслади. Буларнинг барчаси Худо нафақат аёлнинг ибодатига жавоб бергани, балки унга моддий дунёдан четга чиқиб, илтижодан бошқа ҳеч нарсаси йўқ ночор одамларга ёрдам бериш имкониятини бергани учун содир бўлганини тушуниб етди.

Ҳаётда тасодифлар бўлмайди, деб бежиз айтишмаса керак. Ҳар доим тақдир сиз учун тайёрлаган инъомларни қабул қилишга тайёр бўлинг.

 Интернет материаллари асосида Б.Муҳаммадиева тайёрлади.