Тарбиялаб таълим берамиз, таълим бериб тарбиялаймиз
Ёшим 91 да. Икки асрнинг барча оғир-енгил кунларини, Иккинчи жаҳон уруши қийинчиликлари, қатағон азоблари, «пахта иши» изтиробларини бошдан кечирган одамман. Лекин давлатимиз раҳбарининг бугун олиб бораётган халқчил сиёсати, юртдошларимизнинг бу сиёсатга ишончи ва кайфияти, тўғрисини айтсам, мени ёшартирмоқда. Шу сабабли ҳам бир умр халқ таълими тизимида ишлаганим учун қўлимга қалам олиб, жамиятимиздаги бугунги ўзгаришларга муносабат билдиришга жазм этдим.
Замон, давр доимо ўзгарадиган жараён. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам инсонпарварликнинг, одамийликнинг олтин қоидалари ўзгармайди. Зеро, жамиятни самимият, ҳалоллик, бағрикенглик, касбга ҳурмат, одамларни севиш каби юксак фазилатлар ушлаб турибди. Шукр, халқимизда ана шундай фазилатлар мавжуд.
Донишмандлардан бири кексаларини эъзозлаган, аёлларини қадрлаган, ёшларига ибрат кўрсата олган халқ ҳамиша қудратли бўлади деган. Давлат раҳбарининг айнан ана шу уч тоифадаги аҳоли қатлами ижтимоий ҳимояси бўйича ўтказаётган ислоҳотларини кузатар эканман, бу нақл нечоғлик тўғри эканлигини тушуниб етяпман.
Бугун жамият ҳақида, Ватанимиз, ўз тақдиримиз ҳақида ўйлайдиган, фикрлашадиган пайт. Сўз эркинлиги кафолати бу – гапириш дегани эмас, балки жамиятдаги иллатларни бартараф этиш юзасидан ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, таклифлар ҳам бериш дегани. Зеро, бу бурчимиз конституциямизда ҳам белгилаб қўйилган. Шунинг учун камина жамоатчилик эътиборига қуйидаги таклифларимни билдирмоқчиман:
Биринчидан, бозор иқтисодиёти – шафқатсиз жараён. Бошқа мамлакатлар тажрибасида биз унинг инсоний муносабатларга салбий таъсирини кўряпмиз. Яшириб нима қиламиз, бу жараённи ўз турмушимизда ҳам сезяпмиз. Лекин рақобат шароитида, дунё билан бўйлашаётган пайтимизда орқага йўл йўқ, барча кўприклар ёниб кетган. Демак, биз миллий қадриятларимизни сақлаб қолиш учун зарур чораларни кўришимиз керак.
Шуни айтиш керакки, миллий қадрият деб нуқул мадҳиябозлик, қуллуқчилик, меҳмоннавозлик, улфатчилик, ўта кечиримлилик каби иллатларга берилиб кетиш ярамайди. Элга маърифат истаган жадидларимиз ҳам тўй-ҳашамлардаги, маъракалардаги дабдабабозлик ва ортиқча чиқимларни қоралаб келишган. Демак, бундай камчиликлар аввал ҳам бўлган.
Хўш, нима қилмоқ керак?
Назаримда аҳолига «бу дунёда дўзахдан қўрққан, у дунёда дўзахга тушмайди» деган нақлни кенгроқ тушунтириш зарур. Илгари бу вазифани шариат тартиблари бажарган. Бугун биз болаларимизни соғлом турмуш тарзи, инсон бажариши зарур бўлган оддий тартиб-қоидаларга қандай ўргатяпмиз, ота-оналарни-чи? Шунинг учун ҳам камина болалар ва ота-оналар учун алоҳида тарзда «Одамийлик қоидалари» қўлланмаларини чоп этишни таклиф этаман. Токи, авваламбор, ота-онанинг ўзи фарзандига ибрат бўлиш, сабоқ бериш расм-русумларини ўзлаштириб олсин.
Иккинчидан, мамлакатимизда таълим устуворлигига эришиш йўлидаги ташаббусларни чин дилдан маъқуллайман ва муаллимнинг обрўсини янада ошириш зарур деб ҳисоблайман. Замонавий тил билан айтганда мамлакатни муаллимлаштириш керак.
Мен катта ёшдаги юртдошларимиз ҳақида фикр юритяпман. Тўғри, халқ фаровонлигини ошириш мақсадида ҳар бир маҳалла бўйича ҳоким ёрдамчиси штатининг очилиши маҳалланинг ижтимоий, аниқроғи, тарбиявий фаолиятини кучайтиради деб ўйлайман. Хуллас, биз «Тарбиялаб таълим берамиз, таълим бериб тарбиялаймиз» иборасини шиор қилиб олишимиз зарур. Бунинг учун аҳоли ўртасида адабий-бадиий, маънавий тадбирларни кўпайтиришимиз зарур.
Шу ўринда Марказий Осиёда ўқитувчиларнинг, зиёлиларнинг турли ижтимоий уюшмаларини тузиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш ва таълим муаммолари юзасидан ҳамкорликда анжуманлар ўтказиш зарур, деб ҳисоблайман.
Авлодлар алмашинувининг, анъаналар давомийлигининг асосий қоидаси ўзидан кейинги авлодга сабоқ ва ибрат бўла олишдир. Биз, кексалар бу ишни бажаришга мажбурмиз. Ва ўз ўрнида ҳаётий тажрибамиз орқали фарзандларимизни биздан-да яхши яшашга ўргатишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.
Барот Амиров,
меҳнат фахрийси,
Халқ таълими аълочиси.