Тарих қатидаги ҳақиқат: Бухоро амирлиги қандай тугатилган эди? (2-қисм)
(Мақоланинг бошланишини қуйидаги ҳавола орқали ўқишингиз мумкин)
Шундай қилиб, Бухорода ҳали “инқилоб” бошланмасдан туриб, Тошкентда РКП (б) МК ва РСФСР ҳукуматининг ваколатли органлари бевосита раҳбарлигида “инқилоб” ғалаба қозонгандан кейин ўрнатиладиган янги тузум ва давлат шакли қандай бўлиши кераклиги аниқлаб олинди. Гап энди фақат даъват қилиниши лозим бўлган “инқилоб”нинг ўзини амалга оширишда қолган эди. Бу жараёнларда Бухоро Коммунистик партияси ва инқилобчи “Ёш бухороликлар” партияси раҳбарлари ўртасида кескин тортишувлар ва жиддий мунозаралар бўлган бўлса ҳам улар Россия большевиклари фикрини қабул қилишди ва ҳарбий ёрдам сўралди.
1920 йил 21 августда Туркистон фронти қўмондони М.Фрунзе ва Туркистон фронти ҳарбий инқилобий кенгаши аъзоси Ю.Иброҳимов РСФСР Ҳарбий ишлар халқ комиссари Л.Троцкий номига телеграмма йўллаб, Бухорони босиб олишга ҳамма нарса тайёр эканлигини маълум қилганида, большевикларнинг раҳбарларидан бири И.Сталин бу телеграммага “ўртоқ Фрунзе рецептига кўра зудлик билан ҳаракат қилинг”, деб резолюция қўйган. Бу жумланинг остига эса В.И.Ленин ва Н.Бухарин “розиман” деб қўл қўйишган.
1920 йил 16-18 августда Чоржўйда Бухоро коммунистларининг 4-съезди бўлиб, унда амирга қарши қўзғолон кўтариш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Большевикларнинг маккорона режалари амалга оша бошлаган. Тарихда “ялпи қўзғолон” деб аталган ҳаракат 1920 йил 23 августда коммунист Бешим Сардор бошчилигидаги ёлланма туркман отлиқларининг Чоржўй яқинидаги Сақор Бозор қишлоғини ишғол қилиши билан бошланди. Бешим Сардор ва Янги Чоржўй коммунистлари дарҳол Эски Чоржўйни ишғол қилганлар, юздан ортиқ амалдорлар қамоққа олинган. Чоржўй беклиги хазинаси қўлга киритилиб, бу бойликлар дарҳол Чоржўй ревкоми ва янги ҳукумат қўлига ўтган. Большевиклар билан бўлган аввалги келишувга кўра шу куни Чоржўй ревкоми “Бутунбухоро халқи номидан” Туркистон фронти қўмондонлигига ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ваҳоланки, Бухоро халқи коммунистлар съезди қароридан ҳам, Бешим Сардор исёнидан ҳам бехабар эди. Хуллас, Бухоро тақдири қизил қўшин ихтиёрига топширилди.
М.Фрунзе “ёрдам” сўраш тўғрисидаги мурожаатни олгач, Туркистон фронти қўшинларини тўртта зарбдор гуруҳ (Самарқанд, Каттақўрғон, Чоржўй ва Когон)га ажратади. Самарқанд гуруҳи 29-30 августда Шаҳрисабз-Китоб йўналиши бўйлаб ҳаракат қилиб, Қарши ва Ғузорни эгаллаши, Каттақўрғон гуруҳи эса шу кунлари Хатирчи, Зиёвуддин ва Карманани олиши, Чоржўй гуруҳи Эски Чоржўйни эгаллаб, Амударёнинг Афғонистон билан чегараларини назорат қилиши, Фороб ва Қоракўлни босиб олиб, қўшимча буйруқни кутиб туриши лозим эди. Асосий вазифа Когон гуруҳи зиммасига юкланди. У Эски Бухоро шаҳрини босиб олиши, амир Олимхонни асирга тушириши ва Арки олийдаги хазинани эгаллаши керак эди.
1920 йил 25 августда қўмондон М.Фрунзе Туркистон фронти қўшинларига “қўзғолон кўтарган Бухоро меҳнаткашларига ёрдам кўрсатиш тўғрисида” буйруқ берди. Зарбдор гуруҳларнинг кўпчилигига дастлабки марраларни эгаллаш ва 29 августга ўтар кечаси фаол ҳаракатларни бошлаш буюрилди. Босқинчи қизил армия томонидан пойтахт Бухоро шаҳрига ҳужум ҳам 29 августга ўтар кечаси бошланди. Ҳал қилувчи жанглар Бухоройи шариф дарвозалари яқинида рўй берди. Бу воқеаларнинг бевосита шоҳиди қуйидагича ёзган эди: “Шаҳар маркази ер билан яксон қилинди. Жанг давомида кўплаб самолётлар ва замбараклар ишга солинди. Минглаб снарядлар ва бомбалар Эски Бухоро устига ёғдирилди. Шаҳар ҳимоячиларидан ташқари кўплаб бегуноҳ кексалар, аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Юзлаб аҳоли уй-жойлари, меъморчилик ва тарихий обидалар ер билан яксон бўлди. Регистон ёндирилди”.
Эски Бухоро шаҳри 29 августдан бошлаб ҳам ҳаводан, ҳам ердан қаттиқ бомбардимон қилинган. 1-2 сентябрь кунлари Бухоронинг Қарши дарвозасигача келган темир йўлда турган бронепоезд ҳамда Самарқанд, Шайх Жалол, Намозгоҳ дарвозалари яқинида жойлаштирилган тўплардан шаҳарга 12 мингта снаряд ташланган, 12 та ҳарбий аэроплан эса шаҳар устида 3 кун мобайнида бомба ёғдирган. Бир неча юз минг дона патрон сарфланган. Шаҳарнинг Қарши ва Самарқанд дарвозалари тагига 800 килограмм дан ортиқ порох кўмилиб портлатилган. Қулаб тушган дарвозалардан қизил аскарлар шаҳарга бостириб кирганлар. Муқаддас Бухоройи шарифда қақшатқич кўча жанглари бошланиб кетган.
Амир Олимхон шаҳар обидалари ва аҳолини омон сақлаш мақсадида пойтахт Бухоро шаҳрини ташлаб чиқиб кетган. Қизил қўшин аэропланлари уни қидириб топиш баҳонасида Бухоро шаҳридан ташқари шаҳар атрофидаги қишлоқларни, тарихий обидалардан Ситораи Моҳи Хосани бомбардимон қилган. Шафқатсиз ўқ ёмғирлари ва бомбардимон натижасида шаҳар обидаларининг 3/5 қисми вайрон этилиб, минглаб бегуноҳ одамлар нобуд бўлган.
Шундай қилиб, 1920 йил 2 сентябрда Бухорода амирлик тузуми қизил аскарлар томонидан қурол кучи билан ағдариб ташланган. Ўша куни қизил аскарлар Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи – Арк (Арки олий)ни эгаллаб, унинг устига ўз байроқларини тиклаган. Қизил армиянинг Бухородаги босқинига бошчилик қилган М.Фрунзе Москвага –В.И.Ленинга телеграмма йўллаб, Эски Бухоро қалъаси қўлга киритилганлиги ҳамда “Бухоро мустабидлари ва қора гуруҳларининг охирги таянчи тугатилган”лигини “зўр мамнуният” билан таъкидлаган.
Бухоро шаҳрини босиб олган қизил аскарлар Аркдаги амир хазинасини, Бухоро қозикалони, қушбегиси ва бошқа сарой амалдорларининг бутун бойликларини талон-торож қилганлар. Хусусан, Туркистон фронти қўмондони М.Фрунзе, Бухоро қўшин группасининг бошлиғи И.Белов, кўплаб қизил армия командирлари ва оддий жангчилар катта бойликни ўзлаштирганлар. М.Фрунзе ва Файзулла Хўжаев бошчилигидаги инқилобчи “Ёш бухороликлар” партияси раҳбарлари вайрон қилинган ва таланган Бухоройи шарифга қизил аскарлар ҳамроҳлигида кириб келишган.
Бухорода амирлик тузуми ағдариб ташлангач, ўша пайтда жаҳондаги энг катта хазиналардан бири ҳисобланган амирликнинг бутун хазинаси икки эшелонда (ҳар бир эшелонда 20 та қизил вагон бўлган) Москвага жўнатилган. Баъзи манбаларга қараганда, Файзулла Хўжаев бошчилигидаги БХСР раҳбарлари хазинанинг бир қисмини большевиклар талон-торожидан асраб қолишга муваффақ бўлишган. Улар бу хазинадан кейинчалик Бухорода респуб¬лика тузуми асосларини қарор топтиришда, бухоролик талабаларни Германия, Туркия ва бошқа мамлакатларда ўқитишда фойдаланишган. Олтин (қуйма олтин ва тилла тангалар), қимматбаҳо тош¬лар ва нодир буюмлардан иборат бу хазинанинг умумий қиймати ўша пайтдаги нарх билан 77 миллион тилла сўм (бугунги баҳода тахминан 80 миллиард доллар)ни ташкил қилади. Бу бойликлардан 1920 йили иқтисодий ночор совет Россияси ўз манфаатлари йўлида фойдаланган. Тилла тангалар ва қимматбаҳо тошларнинг бир қисмини ўмарганлиги учун М.Фрунзе 1920 йил кузида Москвада маълум муддат уй қамоғида ушлаб турилган ва “ўртоқ Фрунзе иши” очилган.
Бухоро амирлиги хазинасининг тарихи ва тақдири, хазинанинг совет Россияси томонидан ўзлаштирилиши хусу¬си¬да айрим тарихий асарларда сўз бора¬ди.
Саййид Мансур Олимий (Амир Саид Олимхоннинг ўғли, 1931 йил Афғонистонда туғилган) томонидан ёзилган “Бухоро Туркистон бешиги” асарида қизил армиянинг Бухорога босқини ва амирнинг Бухоро тақдири ҳал қилинаётган фурсатдаги тадбири қуйидагича ёритилган: “Тунги соат икки яримда Фрунзе лашкарлари Бухорога ҳужум бошлади. Ўн икки аэроплан Бухорони кеча-кундуз бомбардимон қилди. Натижада 50 мингдан ортиқ эркак ва аёл, болалар ҳалок бўлди, уйлар, масжидлар, мадрасалар, тижоратхоналар вайрон этилди. Амир томонидан ҳозирлаб қўйилган жанг анжомлари, захиралари вайрон этилиб, коммунистлар тарафидан ёндириб юборилди.
Амир Олимхон тўрт кунлик жанг¬лардан сўнг Бухоро аҳолиси жонини сақлаб қолиш мақсадида ҳамда душманларга қарши жанг қилиш учун ўз кучининг заифлигини англаб, курашни тўхтатишга мажбур бўлди. Шанба куни Ситораи Моҳи Хоса боғини тарк этиб, пайшанба куни Афғонистон элчиси Абдушукурхон, Тошкентдаги элчи Муҳаммад Асламхон Сайғони мириш¬кор, афғон лашкари қозиси ҳамда 25 минг Бухоро ва афғон сарбозлари иштирокида Ғиждувон орқали Ватандан чиқиб кетди”.
Ўша давр воқеаларининг бевосита шоҳиди бўлган маҳаллий тарихчи Муҳаммад Али Балжувоний ўзининг “Тарихи нофеий” (“Фойдали тарих”) асарида қизил аскарлар томонидан қилинган Бухоро босқини оқибатларини қуйидагича тасвирлайди: “Бухорони босиб олиш натижасида 34 та гузар, 3 мингдан ортиқ дўкон, 20 та сарой, 29 та масжид ёниб хароб бўлди. Минораи Калонга ҳам зарар етиб, Олимхон ва Мир Араб мадрасалари қисман ёниб кетди… Ҳазрати Имом дарвозасидан Гузари Назаргача, Кофиробод, Ўғлон дарвозаси, Масжиди Калон, Зиндондан Тўқумдўзий ҳаммомигача, минора остидан то Сўзангарон даҳаси, Гулбозор, Латтафурушлар растаси, Регистондан то Пули Ошиқоннинг бошигача батамом ёниб кетди. Қарши дарвозаси ҳам ёниб битди. Шаҳарда уч мингга яқин ҳовли ёниб кул бўлди. Бухоро шаҳри қарийб 20 кун ёнганди. Бухоронинг шу даражада хароб бўлганини ҳеч бир тарих кўрмаган эди”. Бухороликлар бу кунларни “кичик қиёмат” деб аташган.
тарих фанлари доктори, профессор.