Тарих сабоғи: «Халқлар отаси ўғли»нинг қисмати

«Халқлар отасининг ўғли» Василий Сталин туғилган кунга юз йил тўлди. 1953 йилда отасининг ўлимидан бир неча ой ўтгач, Хитойга қочишга уриниши барбод бўлиб, у қамоққа олинганди. Нега?

Қўли очиқ безори

Халқлар доҳийсининг кичик ўғлининг шахси зиддиётлар ва жумбоқларга тўла миш-миш ва афсоналарга мавзу бўлган. Маълум бўлгани шуки, Сталин биринчи никоҳидан туғилган ўғли Яковни ёқтирмаган. Светлана ва Василийга эса меҳрибон бўлган.

Бироқ Сталин ҳаётлигида унинг кичик ўғли Василийнинг расмий мавқеи, Ҳарбий ҳаво кучларининг футбол ва хоккей жамоаларига ҳомийлигидан ташқари, бошқа фаолияти “етти муҳр” остида сир тутилганди.

Доҳий ўлимидан сўнг унинг шахсга сиғиниш сиёсати қоралана бошлангач, Василий Сталин ҳам исканжага тушди. Публицистлар уни ароқхўрликда, безориликда, зўравонликда, манманликда айблашди. Уни моҳир учувчилиги, кўнгилли бўлиб урушга кетгани, жасорат кўрсатиб бешта немис самолётини уриб туширгани, камтарлиги, қўли очиқлиги, топганини сафдошлари билан баҳам кўриши, ҳеч қачон дунёнинг олтидан бир қисмига ҳукмдор бўлган отанинг ўғли эканлигини пеш қилмагани ҳақида эса гапиришмасди. Шундай отанинг ўғли бўлганида бошқа одам ўзини қандай тутарди?

Ота соясида

Василий улғайгач, ҳаёти бевосита қудратли отасининг ҳаёти билан боғлиқлигини тушунди. Отам тирик экан, мен ҳам тирикман дея таъкидларди у.

Сталин даврида Василийнинг мавқеи кескин кўтарилиб борди. 21 ёшда полковник, 25 ёшда генерал-майёр, 28 ёшда генерал-лейтенант унвонига эга бўлди. Адолат юзасидан айтиш керакки, бу мавқега қандай эришганлиги, чиройли погонлар учун кимдан миннатдорлигига қарамай, қўл остидагилар уни чин дилдан яхши кўришарди. Доҳийнинг кичик ўғли командир сифатида ўз ишини пухта билар, вазифасини масъулият билан адо этарди. 1948 йилда у Ҳарбий ҳаво кучларининг Москва округини бошқарди. Тўғри, Василий Сталиннинг хулқ-атворида камчиликлар бор эди. Базмлар ва гусарликка мойиллик, бетгачопарлик ва охир-оқибат ичкиликбозликка олиб келди. Баъзи лаганбардорларнинг унга парвоналигини Сталин билгач, Василийни кўчар ва кўчмас мулклар, моддий имтиёзлардан маҳрум қилди.

Бевақт ўлим

1953 йилнинг мартида Сталин вафот этди. Шу заҳоти ҳокимият учун кураш бошланди. Василий Сталин Хрушчев, Берия, Маленков ёки Булганин томонга ўтиши мумкин эди. Аммо у ичкиликка муккасидан кетди. Маст пайтида мамлакат биринчи шахсларини отасини ўлдирганликда айблади. Ёш генерал-лейтенант кўп нарсани билар, бироқ ўзини тутолмас, баралла гапирарди. У жуда хавфли бўлиб қолди. Шунда шафқатсиз қарор қабул қилинди. Василий Сталин 1953 йил 28 апрелда қамоққа олиниб, бошқа исм-шариф билан 8 йил қамоққа ҳукм қилинди ва Владимир турмасига ташланди.

Унга қўйилган айблардан бири Хитой элчихонасига сиёсий бошпана сўраб боргани бўлди. Шуниси ажабланарлики, бу маслаҳатни унга отаси берган эди. Маълум бўлишича, ўлимигача Сталин шахсан ўзи уни Хитойга кетишга ундаган. Фақат ўша ерда хатарсиз яшашини айтган. ХХР Ҳарбий ҳаво кучларида қўмондонлик лавозимларидан бири келишиб қўйилганини таъкидлаган. Афтидан доҳий ўлимидан кейин ўғлини тинч қўймасликларини сезган, шекилли. Василий Сталин Хитой элчихонасига боргач, у ердан чиқмаслиги керак эди. У ердан чиқиши билан қамоққа олинади. У қамоқ муддатини тўлиқ ўтади. 1962 йилда озодликда 40 ёшида сирли равишда ўлим топди.

«Мир новостей» (2020 й 43-сон)дан Т.ШОМУРОДОВ таржимаси.