Тарихий номларни тиклаш тарафдоримиз

Шу йил 11 январь куни каналимизда “Бизга Турон эмас, Арпаариқ маъқул: Маҳалламизга аҳолининг розилигисиз ном берилган” сарлавҳали мақола берилган эди. Унда 2017 йил аҳоли розилигисиз маҳалла номи ўзгартирилганлиги келтирилган.

Фуқароларнинг мазкур мурожаати юзасидан каналимизга вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Шерали Темиров жавоб хати йўллади. Унда, хусусан, шундай дейилади:

"Географик объектлар номларини номлаш ва уларнинг номини ўзгартириш “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги “Географик объектларнинг номлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори талаблари асосида амалга оширилади.

Унга кўра, номни ўзгартириш ёки номсиз объектни номлаш зарур бўлса, маҳалла фуқаролар йиғинида шу ҳудуд аҳолиси томонидан берилган таклифлар ўрганилиб, тегишли тартибда баёнлаштирилади ва кўриб чиқиш учун Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссиясига тақдим этилади. Туман комиссияси берилган таклифларни кўриб чиқиб, вилоят комиссиясига юборади. Вилоят комиссияси ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, тегишли тартибда баёнлаштиради ҳамда экспертиза хулосаси олиш учун Республика комиссиясига юборади. Республика топонимика комиссияси тақдим этилган номларни ҳар томонлама пухта ўрганиб, ижобий ёки салбий хулосасини беради. Ижобий хулоса берилса, номни тасдиқлаш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ваколатли органлар томонидан киритилади. Бу жараёнлар эса маълум муддат вақтни талаб этади.

Мурожаат этилган Оқдарё туманидаги “Турон” маҳалласи, шу ном билан ўзгартирилган аҳоли пункти ва қабристоннинг тарихий номини тиклаш бўйича амалий ишлар бошланганлигини (“Турон” МФЙ томонидан 2025 йил 17 январдаги 2-сон йиғилиш баёни олинган) маълум қиламиз.