Тарихнинг аянчли саҳифалари: “Тозалаш” ниқобидаги қатағон

Чор Россияси ўз мустамлакачилигининг илк кунлариданоқ маҳаллий халқни талаш, унинг миллий бойликларини ўзлаштириш, туб аҳолининг асрлар оша шаклланган маънавий, маърифий, миллий қадриятларини топташ сиёсатини юрита бошлади.

Бу Туркистонда том маънодаги қатағоннинг бошланиши эди. Афсуски, ана шу разил сиёсат большевиклар ҳокимият тепасига келгандан сўнг янада авж олди. Ушбу жараён тарихга “қатағон” номи билан муҳрланди.

Қатағон ўтган асрнинг 20-йилларида бошланиб, 30-йиллар бошида ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилди. 1937 йилгача халқимизнинг саводли, билимдон кишилари, зиёлилари, мард ўғлонларини йўқ қилишга, синдиришга қаратилган эди. Ўша даврда яна бир қабиҳ сиёсат юритилдики, унинг номи “тозалаш” деб юритилди.

Бунинг учун ҳатто Москвадан барча совет идораларига, кооперативлар ва жамоат ташкилотларига алоҳида йўриқнома юборилди. Ҳар бир фуқаро устидан кучли назорат ўрнатилди. Оқибатда ер эгалари, нисбатан тўқ оилалар, савдогарлар, билимли кишилар, диндорлар, мулкдорлар, уларнинг оила аъзолари, ҳатто тасодифан шу тоифадаги кишилар билан бир товоқдан ош еганлар ҳам совет ҳокимияти учун душман деб топилиб, барча ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилинди.

“Тозалаш” совет ҳокимияти ва унинг барча бўғинларини, жамоат ташкилотлари, бирлашма ва уюшмалар, қўйинки, ўша даврдаги ҳамма муассаса ва идораларни қамраб олиб, махсус комиссия иш олиб борди.

Натижада келиб чиқиши камбағал, қашшоқ, батрак бўлмаган барча фуқаролар ва уларнинг яқинлари совет ҳокимияти учун душман, ижтимоий жиҳатдан хавфли, номақбул шахс деб топилиб, қувғин қилинди. Аниқроқ қилиб айтганда, қобилиятини, билими ва маҳоратини ишга солиб, ўзига ва ўзгаларга фойдаси теккан, жамият ривожи учун ҳисса қўшган, ижтимоий-иқтисодий таянчга эга ҳар қандай киши ва уларнинг фарзандлари, яқинлари совет тузуми учун ёт бўлиб қолди.

Аксинча, ўзининг уқувсизлиги, нодонлиги, ақлий қобилиятининг пастлиги туфайли камбағаллик ва қашшоқлик домига тушиб, ким нима деса ўшани маъқуллайдиганларнинг ошиғи олчи бўлди. Катта қатағон олдидан бошланган ва “тозалаш” номини олган бу совуқ бўрон халқимиз бошига аёвсиз кулфатлар келтирди. Бу бўрон бошланиши билан совет ҳокимиятининг сиёсати иккиюзламачи эканлиги ҳам кўриниб қолди.

Мисол учун, большевиклар ҳокимият тепасига келгач, улар “босмачи” деб атаган Миллий озодлик ҳаракати иштирокчиларини йўлидан оздириш учун турли ваъдаларни бериб, маълум бир қисмини ўз томонларига оғдиришди, таслим бўлишга кўндирдилар. Ҳатто маълум вақт авф этилиб, улар ишли ҳам бўлишди. Лекин бу вақтинчалик эди, холос. Буни архивларда сақланаётган тарихий ҳужжатлар яққол исботлайди.

Жумладан, Самарқанд вилояти давлат архивининг 842-фондидаги 433-иш ҳужжатлари тўпламида ана шундай ҳолатга дуч келдик. У Самарқанд вилоятини ижтимоий хавфли унсурлардан тозалаш бўйича ташкил этилган алоҳида “Учлик” йиғилишининг 1934 йил 18 июндаги баённомасидан кўчирмада “Учлик” комиссияси Миллий озодлик ҳаракатининг авф этилган аъзолари – собиқ “босмачи”лар бўлган каттақўрғонлик Орзи Жўрабоев, Мирза Худойқулов, Остон Жалилов, Мурод Тешаев, Шукур Муродов, Қурбон Йўлдошев ва Темур Узоқов ижтимоий жиҳатдан хавфли ва зарарли шахслар сифатида сургун қилинган.

Советлар “босмачи” тамғасини босган Миллий озодлик ҳаракати иштирокчиларини таниган ва билган фуқаролар ҳам большевикларнинг тозалаш ҳаракати қурбонига айланган. Яъни, алоҳида “Учлик” комиссияси яна ўша 1934 йилнинг 18 июнда ўтказган мажлисида Неъмат Орипов, Ҳабиб Ғаниев, Мирсобир Солиҳовларни босмачилар билан алоқадорликда айблаш ҳақидаги Самарқанд область ижроия комитети қарорини кўриб чиқиб, уларни ҳам барча ҳуқуқларидан маҳрум қилган ҳолда сургун қилиш бўйича қарор чиқаради.

Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўғли Маъсудхон Беҳбудий эса касаба ушмаси аъзолигига хоҳиш билдирмагани учун 1931 йилнинг апрелида Ўзбекистон мева-сабзавотчилик ва узумчилик бирлашмасидаги таржимонлик лавозимидан айрилади. Бу ҳам большевиклар ўтказган “тозалаш”нинг натижаси эди.

“Тозалаш” қурбонига айланган фуқаролар жамият учун мақбул шахс сифатида қора рўйхатга киритилиб, улар ҳеч бир жойга ишга қабул қилинмаган. Яъни, яшаш учун даромад топишдан маҳрум этилган. Бунда халқимиз орасига суқилиб кириб олган совет ҳокимиятининг “чақимчи”лари ҳам жуда катта ишни бажарган.

Жумладан, 1931 йилнинг 31 январида Самарқанд шаҳрининг Оҳалик кўчасида жойлашган “Париж коммунаси” номидаги қизил чойхона қошидаги “комсомол ячейкаси”нинг ёпиқ мажлисида бойлар, қулоқлар ва уларнинг тарафдорлари билан алоқада бўлган, деган сохта айбловлар қўйилиб, мулла Шоди Фозилов, Абдулла Ҳамидов, Ҳайдар Халилов, Йўлдош Жумабоев, Усмон Қосимовни жавобгарликка тортиш учун кўргазмали суд ўтказиш масаласи кўриб чиқилади.

Йиғилиш баённомасидан кўчирма прокуратура идораларига юборилади. Боғизағон қишлоқ совети партия ячейкаси котиби Хуррам Жўраев эса 26-27 таноб ери бўлгани учун қулоқ қилиниши сўралади. Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.
1937 йилдаги катта қатағондан олдинроқ совет ҳокимиятининг барча бўғинларида “шубҳали”, деб топилган ҳар қандай шахснинг маънавий ва жисмоний эркинлиги топталиб, қувғин қилинган.

Бундай қабиҳ ишни большевиклар барча идора ва ташкилотларда, муассасаларда, бирлашма ва уюшмаларда, корхоналарда катта “маҳорат” билан бажариб, халқимизнинг асл фарзандларини йўқ қилишга интилганлар.

Хуллас, 1937 йилгача 10 йилдан ортиқ давом этган “тозалаш” ниқобидаги қувғин ҳам том маънода халқимизнинг асл фарзандларига қарши қаратилган террорнинг, қатағоннинг бир кўриниши эди. Шундай экан, миллий тарихимизнинг ҳали ўрганилмаган бу аянчли саҳифалари ҳам тарихчи олимларимиз ва ушбу йўналишдаги тадқиқотчиларнинг назарига тушса, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, ўзбекистонликлар “тозалаш” сиёсати қурбонларини ҳам билишлари керак.

Шавкат МАШАРИПОВ,
СамДУ тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ходими.