Telegram орқали террорчилик ва экстремистик ғояларни тарқатган шахслар қўлга олинди
Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ДХХ ва вилоят ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Сурияга жиҳодга чорловчи видео ва аудио материалларни тарқатиб, тарғиб қилиб келаётган фуқаро А.О. аниқланиб қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, фуқаро А.О. Telegram’да алоҳида гуруҳ ташкил қилиб, диний экстремистик ва террористик ташкилотлар томонидан тайёрланган ҳижрат ва жиҳод қилиш тўғрисидаги аудио ва видео маърузаларини тарқатиб келган.
Тошкент туманида яшовчи 5 нафар танишини Сурия давлатига бориб, халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилиш ҳамда жанговар амалиётларда иштирок этишга тарғиб қилиб келаётгани аниқланган.
Шундан сўнг, ушбу беш нафар шахснинг яшаш манзилларида ўтказилган текширув ҳаракатлари давомида жиноят ишига алоқадор бўлган материаллар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Фуқаро А.О.дан далилий ашё сифатида олинган видео ва аудио материаллар бўйича ўтказилган суд адабиётшунослик экспертизаси хулосасида, ушбу маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, сақлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги аниқланган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан фуқаро А.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.