Терсакка сайёҳлар нима учун боришади?

Табиати, ноёб ўсимлик дунёси, ҳавоси, манзаралари билан тилга тушган Ургут туманининг Терсак маҳалласи Самарқанд — Қашқадарё йўлидаги Тахтиқорача довони яқинида жойлашган. Бир неча йил олдин 200-300 нафар хорижий сайёҳ келган бу маҳаллага кейинги вақтларда йилига икки мингтагача меҳмон ташриф буюрмоқда. Талабга яраша — дастлаб бир дона бўлган меҳмон уйлар сони ҳозир ўттизга яқин. 

Вилоят санитария эпидемиологик-осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳамда туризм бошқармаси ҳамкорлигида ушбу ҳудудга пресс-тур уюштирилди. 


Журналист ва блогерлар, шунингдек, соҳа мутахассислари туризм мавзуси бошланиши муносабати билан ҳудуддаги уй меҳмонхоналари, мактаб ва боғчаларнинг санитар ҳолати билан танишди. Маълум бўлишича, аллақачон уй-меҳмонхоналари ва соҳа мутахассислари иштирокида санитария масаласида ҳудудда кўплаб учрашув, семинарлар ташкил этилган. Қишлоқ аҳли санитария қоидаларидан бехабар эмас. 

- Санитария жуда муҳим, аммо бу ошхона ва бошқа шароитларни айнан жаҳон ёки Европа стандарти бўйича қуриш керак, дегани ҳам эмас, – дейди ҳудудда биринчилардан бўлиб уй-меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйиб, яхшигина тажриба орттирган Қўйсин Ҳасанов.  – Халқимизда азалдан тоза-озодалик, санитария маданияти яхши шаклланган. Биз ана шу маданиятни унутмаган, аксинча тарғиб қилган ҳолда сайёҳларга миллий анъаналаримиз, урф-одатларимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Очиғини айтганда, Франциядан келган сайёҳга бизнинг тоғларда Европа услубида қурилган ошхона эмас, балки тандирда нон ёпиш жуда қизиқ. Биз эса буни ташкил қилиб берамиз. Меҳмонлар, биз билан бир уйда туриб, бир дастурхондан нон-туз ейишади, миллий таомларимизни биргаликда тайёрлаб кўришади, тоққа ёки сой бўйлаб саёҳат қилишади.  


Қўйсин акага кўра, бу қишлоққа саёҳатга келиб, анъаналарга катта қизиқиш, уйғонган ва ойлар давомида шу ерда қолиб, ўзбек тилини, маданиятини ўрганган сайёҳлар ҳам бор. Дастлаб бу ерга фақат франциялик сайёҳлар келган бўлса, ҳозирда Италия, Германия, Белгия, Дания, Канада каби кўплаб давлатлардан ҳам ташрифлар сони ошмоқда.

Сафар давомида журналист ва блогерлар Терсак қишлоғи бўйлаб тоғ саёҳатида бўлди ва очиқ табиатга ташлаб кетилган пластик идишларни йиғиб олиш ташаббусини илгари суришди.