Тилни техника орқали эмас, меҳр билан ўргатинг!

Яқинда бир танишимникига меҳмонга бордим. Дастурхон атрофида анчагина суҳбат қурдик. 3 ёшли боласи сал нарида, диванда ўтирибди. Қўлида телефон. У ўйнаб ўтиргани йўқ, экранга жим тикилган, кўзлари қисилган, юзи ҳис-туйғусиз.
— Нега болага телефон бериб қўйгансиз? — деб сўрадим.
— Тил ўрганяпти, — деб жавоб берди танишим. — Ютубдан инглизча мультфильм кўряпти. Ҳам тинчгина ўтирибди. Телефонни олиб қўйсам, хархашани бошлайди. Гапни гапга қўшмайди. Эътибор берма.
Кейинги вақтларда бундай баҳоналар қулоққа тез-тез чалиняпти. Кўпгина ота-оналар болаларга нурли экранни тутқазиб, “тил ўрганяпти”, “интеллектуал ўйин ўйнаяпти”, “ўзи ўрганади” дейдилар. Бир қарашда бу жуда замонавий ва ривожланган таълим усулидай кўринади. Аслида-чи?
Боланинг тил ўрганишида мультфильм эмас, жонли мулоқот яхши самара беради. Яъни сўзни эшитиш, сўраш, англаш, тақлид қилиш, шунингдек, қўли, юзи ва кўзи билан ҳис қилиш лозим. Бу жараёнда болага жонли муҳит, меҳр, сабр ва иштиёқ керак.
Телефон эса бундай муҳитни бера олмайди. У фақат бир томонлама оқим — экрандан болага. Жавоб йўқ, ҳаракат йўқ, муносабат йўқ. Балки бир-иккита сўзни эшитар, лекин унинг чуқур маъносини, ифодасини, ҳаётдаги ўрнини англамаслиги аниқ.
Энг ачинарлиси — биз телефон бериб, уни “ўқитяпмиз” деб ўйлаганимизда, у бола жим туришга, ҳаракат қилмасликка, бемақсад экранга тикилишга кўникяпти. У тилни эмас, ёлғизликни ўрганяпти. Бу — таълим эмас, балки кўз учун, ақл учун ва болалик учун жиддий хатар.
Бола тилни сўзлардан эмас, инсон муносабатидан, ҳиссиётдан, тақлид ва ҳаракат орқали ўрганса мақсадга мувофиқ. Масалан, у “apple” сўзини шунчаки телефон ёки компьютер экранига қараб ўрганишдан кўра, олманинг ўзини ушлаб, унинг ҳиди, таъми, рангини ҳис қилиб ўргангани кўпроқ фойда. Экранда сўз бор — лекин муносабат йўқ. Талаффуз бор — лекин туйғу йўқ. Қуюқ ранглар бор — лекин ҳаракат ва жонлилик йўқ.
Қизиғи шундаки, телефонни “ўқув қуроли” деб берган ота-оналар унинг саломатликка салбий таъсири ҳақида теранроқ ўйламайдилар. Кўплаб офтальмолог олимлар - кўз мутахассислари олиб борган тадқиқотларга кўра, телефон, планшет ва компьютер экранлари болаларнинг кўзи, асаб тизими ва умумий ривожига жиддий таъсир кўрсатади. Уларнинг тавсия қилишича, бола 2 ёшгага умуман экранга қарамаслиги зарур. 2 ёшдан 5 ёшгача бир кунда 30 дақиқадан ошмаслиги ва у ҳам фақат тарбиявий мақсадда, катталар назоратида фойдаланиши талаб қилинади. 5 ёшдан 7 ёшгача кунига 1 соатдан кўп бўлмаслиги, экрандан фойдаланишда ҳар 20 дақиқада 20 сония танаффус ва камида 6 метр узоқликка тикилиш тавсия қилинади. 7 ёшдан кейин ҳам ўқиш, таълим ва қизиқишларга кўра, экран вақти чекланган ва мувозанатли бўлиши керак. Акс ҳолда, бола кўз ва асаб чарчоғига дуч келиб, ўқиш ва мулоқот қобилияти сустлашади.
Тил ўргатаман деб боланинг болалигини ўғирлаб қўймаслик керак. У тилни жонли мулоқот ва меҳр орқали ўрганиши керак, техника воситаларида эмас. Соғлом ва самарали тил ўрганиш учун меҳрли муҳит, сабр ва инсон муносабатлари муҳимдир.
Севара МАМАДИЁРОВА,
СамДЧТИ ўқитувчиси.