Томорқадан 100 миллион сўм даромад олаётганлар бор

Самарқанд туманидаги 74 та маҳаллада қарийб 52 минг аҳоли хонадони тасарруфида 3130 гектар томорқа экин майдони мавжуд.

Ушбу томорқа майдонларидан 2-3 марта ҳосил олиш учун томорқада алмашлаб экишни тизимли ташкил этиш бўйича маҳаллабай дастурлар ишлаб чиқиш орқали 2478 гектар томорқа майдонларига эртаки, такрорий ва тўқсонбости усулида маҳсулот етиштириш режалари ишлаб чиқилган. Туманда ерга бўлган муносабат, томорқачилик тажрибаси бошқа ҳудудлар учун ўрнак. Шу боис яқинда томорқачиликни ривожлантириш ва ердан даромад олишни кўпайтиришга бағишланган республика семинари Самарқанд туманида ўтказилгани бежиз эмас.  

- Туманимиздаги аҳоли томорқаларида экинларни алмашлаб экиш орқали 2024 йилда 2478 гектар ерда эртаги, 2636 гектарда такрорий ҳамда 3005 гектар  тўқсонбости усулида экинлар экилди, - дейди маҳаллалар уюшмаси туман бўлими бошлиғи Икром Хусейнов.  - Бу ўтган йилга нисбатан 6,8 фоизга кўп. Аҳоли томорқаларидан фойдаланишни янада яхшилаш мақсадида бу йил 52 маҳалла “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштирилди. Жумладан, 25 таси сабзавотчиликка, 6 таси картошкачиликка, 18 таси мева-боғдорчиликка, 3 таси чорвачиликка ихтисослаштирилди. 27,3 мингдан ортиқ аҳоли томорқада ўзини-ўзи банд қилиш орқали иш билан таъминланади. 

Туманда мева-сабзавот кўп етиштириладиган маҳаллаларда аҳоли томорқаларига комплекс хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун ҳар бир секторда биттадан томорқа хизмати масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти йўлга қўйилди. 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган жараёни занжир (кооперация) усулида қамраб олувчи янги тизим жорий қилиниб, аҳоли томорқалари лидер тадбиркорларга бириктирилди. Улар томорқачиларга ерни тайёрлаш, сифатли уруғ билан таъминлашдан тортиб, маҳсулотни харид қилишгача бўлган жараённида ёрдам беради. Томорқачи эса етиштирган маҳсулотини сотиш ҳақида ўйламай фақат меҳнат қилиш, юқори ҳосил олиш ва экинларга ишлов бериш билан шуғулланади.  

Натижада, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йил якуни билан аҳоли томорқаларида 139 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилади. 

Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан, 1645 нафар фуқарога ижара ҳуқуқи асосида деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш учун 484 гектар ер майдони ажратилди. Ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш мақсадида ўтган йили 1642 нафар фуқарога ижара ҳуқуқи асосида 485 гектар ер майдони аукцион орқали ёшларга ажратиб берилди. 

-  Жарқишлоқ маҳалласи кўкатчиликка ихтисослашган, - дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Адҳам Эшматов. - 280 хонадон кўкатчилик, 181 хонадон чорвачилик, 30 хонадон боғдорчилик, 21 хонадон тикувчилик ва бошқа фаолият билан шуғулланади. 480 та хонадон тасарруфида 40 гектар томорқа майдони бор ва хонадонларнинг 40 тасида иссиқхона ташкил этилган. Томорқа хизмати томонидан 859 миллион сўм кредит ажратилди ва 82 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Бошқа манбалар ҳисобидан ҳам эҳтиёжи бор фуқароларга кредит маблағлари ажратилди. Аҳоли уч-тўрт маротаба экин экиш орқали томорқадан йил давомида ўртача 70-80 миллион сўм даромад қилади.     

Маҳалладаги иссиқхоналарда асосан редиска, кўкат, кўк пиёз, картошка, помидор, бодринг етиштириларкан. Бу эса йил давомида иссиқхоналар бўш қолмасдан оилага доимий даромад келишига хизмат қилади. 

-  35 йилдан буён деҳқончилик қиламан, 10 йил олдин 8 сотих томорқамда иссиқхона ташкил этдим, - дейди Мардон Тоҳиров. – Оилада 8 кишимиз, барчамиз шу иссиқхонада ерда қиламиз. Ўтган йили 10 миллион сўм кредит олиб иссиқхона плёнкасини янгиладик. Ҳар йили октябр ойида ерни тайёрлаб редиска экамиз ва янги йил байрамигача ҳосилни сотиб, январда яна редиска экамиз. Сўнгра икки марта кўкат экилади. Маҳсулотни олиб кетишди. Кўкатни ҳам шартнома асосида уйдан ўзлари олиб кетишади. Оилавий ишлаб иссиқхонадан йилига 100 миллион сўм даромад, шундан 70 миллион сўм атрофида соф фойда оламиз. Бундан ташқари, чорвамиз бор, бу ҳам оилага даромад.

Маҳалла раиси Қобил Насриевнинг айтишича, бу маҳаллада бекор одамнинг ўзи йўқ, эркаклар томорқадан ташқари, устачилик, пайвандчилик, дурадгорлик, билан шуғулланади. Аёллар каштачилик, тикувчилик, қизлар пишириқ тайёрлашни ўрганади. Бир неча йил олдин хорижга ишга кетишга қизиқиш юқори бўлган бўлса, ҳозир ўзини ўзи банд қилиш, томорқачиларга имтиёзли кредит берилиши, уч томонлама шартнома тузилиши натижасида четга ишга кетувчилар сони сезиларли камайган.   

-  Сентябрда куз бошланиши билан пиёз, редиска, кўкат экиб, янги йил байрамигача ҳосилни йиғиб оламиз, - дейди томорқачи Одил Холбоев. – Ёзда плёнкани олиб ташлаб экин экамиз. Томорқачиларга кўмак бўлиши учун “Ўрташиқ агро” корхонаси билан шартнома тузилган. “Агромир” корхонаси маҳсулотни харид қилади. Оддий айтганда деҳқон етиштирган маҳсулот харидорсиз қолмайди. 8 сотих иссиқхонада икки мартадан редиска ва кўкатлар, кейин помидор, бодринг ҳосилидан 70-80 миллион сўм даромад оламиз. Лекин доимий равишда дам олдирмасдан экин экавериш ҳам ерда ҳосилни пасайтиради. Шунинг учун одатий қўрада боқилган эмас, балки, тоғда юрган қўйнинг қийидан келтириб иссиқхонага соламиз. Бу ҳосилдорликни оширишга ва ернинг ҳолатини тиклашга ёрдам беради, бегона ўт чиқишининг олдини олади. 

Шу маҳаллада яшовчи Жамол Ҳотамов 35 йилдан буён 3,5 сотих майдонида гул, помидор, бақлажон ва бошқа кўчатлар етиштириш билан шуғулланади. Августд экилган гул кўчатлари май ойида сотишга тайёр бўлади. Шу кичик майдондан 40 миллион сўмдан ортиқ даромад қилади. 

Маълумот ўрнида, жорий йилда маҳаллада “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги фуқаролар билан манзилли ишлаш орқали 35 та тадбиркорлик субъекти ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг натижасида 43 нафар фуқаро ишга жойлаштирилади, 13 нафар фуқаро моно-марказда ўқитилади. 45 нафар фуқарога оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури асосида 216 миллион сўм кредит ажратиш, 11 оилани камбағалликдан чиқариш, 10 нафар ёшни касб-ҳунарга йўналтириш режалаштирилган.  

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.