Тўрт сотих томорқадан “Малибу”, уй, тўй...

Иштихон туманининг Бешариқ маҳалласи Қозоқовул қишлоғида бир хонадон бор. Ҳовлисидаги томорқа майдони бор-йўғи 5 сотих. Аммо бир қарич ҳам ери бўш турмайди.

Ҳар йили февраль ойининг илк кунларида томорқамизнинг 4 сотихига қўлбола иссиқхоналар қурамиз, - дейди хонадон бекаси Тамара Султонова. – Бу ерда помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатларини етиштирамиз. Март ойида эса бозорга чиқаришни бошлаймиз. Бўшаган жойга яна уруғ қадаймиз. Июль ойига қадар 3-4 мартагача кўчат етиштириб сотамиз. Кейин иссиқхонани бузиб, жойига кечки экин, карам ёки маккажўхори экамиз. Шу ернинг ўзидан йилига 70-80 миллион сўм даромад топяпмиз. Бир неча йилдан бери томорқадан топганимиз эвазига уйимизни таъмирладик, тўйлар қилдик. Ҳовлида турган “Малибу” ҳам шу ернинг орқасидан.


“Ишсизлик муаммоси бизга бегона”

Бу оилада меҳнатга лаёқатли 4 киши бор. Уларнинг барчаси шу иш билан банд. 

- Меҳнат қилмаса, топган пулини ақл билан сарфлашни билмаса кишининг ҳаёти фаровон бўлиши даргумон, - дейди Т.Султонова. – Иссиқхонадан топган даромадимизга қорамол олиб, боқамиз. Унинг гўштини Янги йил байрами арафасида сотамиз. Ҳовлимизнинг ёнгинасидан маҳалладошларимиз учун дўконча ҳам очганмиз. 20 йилдан бери иссиқхона билан шуғулланамиз. Шунча йилдан бери ўзимни ва турмуш ўртоғимни, қолаверса, бугунги кунда ўғлим ҳамда келинимни ҳам ишсизлик муаммоси қийнагани йўқ.

Айрим томорқаларда беда экилган. Нега?

Маҳаллада ҳар бир томорқадан имкон даражасида унумли фойдаланишга ҳаракат қилинади, аммо айрим томорқаларнинг бир қисмида беда экилганига гувоҳ бўлдик.

- Маҳалламизда 835 та хонадон бўлиб, уларга тегишли 128 гектар томорқа майдони бор, - дейди маҳалла раиси Обиджон Рўзиев. – Аҳолининг аксарияти иссиқхоналарда кўчат етиштиради. Шунингдек, чорвачилик билан ҳам шуғулланади. Ҳудудимизда яйлов йўқ. Шунинг учун айрим томорқа эгалари қорамолига озуқа сифатида 1-2 сотих ерда беда етиштиради ва йилига 4-5 марта ўриб олади. Томорқада етиштирган кўчат ва сабзавотлардан ташқари бозорга сут-қатиқ, сариёғ ва гўшт маҳсулотларини ҳам чиқариб сотади. 

Томорқа ободлиги натижасида табиат яшиллигига, хонадонлар кўркамлигига, ишсизлик муаммосининг бартараф этилишига эришилади. Асосийси, томорқа – даромад манбаи. 

Феруза МАМАТҚУЛОВА,

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.