Тошкент ИИББ автомобиль ойналарини қорайтиришга шошилмасликка чақирди
Ижтимоий тармоқларда айрим шахслар ҳайдовчиларга автомобиллар ойнасининг тусини ўзгартириш бўйича таклифлар билан чиқмоқда.
Бунга жавоб тариқасида Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати огоҳлантириш билан чиқди.
"Ҳурматли ҳайдовчилар! Интернет тармоқларида баъзи шахслар томонидан автомобиль ойналарини қорайтириш бўйича хизматлар таклиф қилинаётганининг гувоҳи бўляпмиз.
Фуқароларимиздан тегишли қарор кучга киргани тўғрисида маълумот эълон қилингунига қадар шошмасликни сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, ойналарнинг тусини ўзгартириш учун ИИВ ЙҲХББ вакилларидан тегишли рухсат ва плёнка олиниши зарур", - дейилган бошқарма хабарида.
Амалдаги қонунчиликни бузган шахслар, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.