Тошкент метросининг янги қурилаётган йўналишида ўпирилиш содир бўлди

Бугун, 18 декабрь куни соат 10.00 атрофида Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг янги қурилаётган қисмида ёмғирнинг сурункали ёғиши оқибатида тахминан 250 м3 тупроқ ўпирилиб тушди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, пудратчи қурилиш ташкилотларнинг куч ва воситалари ёрдамида юзага келган ҳолат бартараф этилмоқда.

ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, талафот ва жабрланганлар юзасидан аниқлик киритилмоқда ҳамда содир бўлган ҳолатнинг сабаблари ўрганилмоқда.

Шунингдек, воқеа жойига зудлик билан тиббиёт ходимларидан иборат тезкор биригадалар жалб қилинган.

Ҳозирча ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Воқеа гувоҳи бўлган, 1975 йил туғилган қашқадарёлик Б.М. ушбу ҳолатдан қаттиқ стрессга тушган. Айни пайтда унга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.