Тошкент шаҳар ҳокими ижарага уй берувчилардан вақтинча пул талаб қилмасликни сўради
Пойтахтда аксарият аҳоли ижарада яшаши ва карантин сабаб ҳамма уйда ўтирганлиги боис Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ижарага уй берувчиларга мурожаат билан чиқди.
"Бугунги кун барчамиз учун синов. Ана шундай синовли кунларда барчамиз бир-биримизни ҳар қачонгиданда кўпроқ қўллаб-қувватлаб, ёрдамимизга муҳтож кишиларга қўл чўзишимиз, оғирини енгил қилиб, кўмак беришимиз керак.
Куч бирликда! Бугун бир бўлиб, жипслашиб, дунё гарданига тушган дардни енгишимиз шарт.
Шаҳримизда ижарада яшаётган фуқароларимиз, олис манзилдан келиб яшаётганлар бор. Улар бугун карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўз оилалари бағридан узоқда, ижара уйларда яшашмоқда. Улар орасида карантин сабабли, вақтинча ишламаётганлари ҳам мавжуд. Бундай шароитда албатта, уларга осон тутиб бўлмайди. Бир томондан ижара пулини тўлаш, бир томондан оилаларини эҳтиёт қилиш, рўзғор тебратиш масъулияти елкаларида турибди.
Шу боис ижара берувчиларга шундай синовли кунларда сабрли бўлиб, уларнинг ҳолатини тўғри баҳолашларини, ижара пулини вақтинча талаб қилмай туришларини сўраган бўлардим. Вақтинчалик тўланмаган ижара ҳаққи эса кейинчалик тўлаб бериш шарти билан ижарада турувчи фуқароларга тақдим этилса, фикримча, адолатли бўлади. Синовли кунларда ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ҳам жуда муҳим.
Шуни билингки, бу кунлар унутилади, аммо яхшилик унутилмайди!", деди ҳоким.