Тошкент вилояти ҳудудида карантинда сақланаётганлар бўйича умумий маълумот берилди
Тошкент вилояти ҳокимлигининг расмий ахборотига кўра, Тошкент вилоятида коронавирус эпидемиясига қарши кураш ишлари белгиланган чора-тадбирлар асосида изчил олиб борилмоқда.
Айни вақтда вилоят ҳудудидаги санаторий, оромгоҳлар ва полигонларда 4159 нафар, жумладан, “Сокол” оромгоҳида 522 нафар, “Ёшлик”да 318 нафар, “Чотқол”да 212 нафар, “Ҳожикент” пансионатида 235 нафар, ”Энергетик”да 250 нафар, “Умид гулшани” санаторийсида 111 нафар, “Назарбек”да 242 нафар, “Ботаника”да 278 нафар ҳамда Чирчиқ ҳарбий полигонида 1013 нафар, Юқори Чирчиқ карантин полигонида 978 нафар фуқаро қатъий карантинга олинган.
Шунингдек, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 99 нафар, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида 97 нафар, Қибрай тумани юқумли касалликлар шифохонасида 3 нафар, шаҳар ва туман юқумли касалликлар шифохоналарида 59 нафар, РШТЁИМ Тошкент вилояти филиалида 235 нафар, Тошкент вилояти ихтисослаштирилган соматика шифохонасида 183 нафар, жами 676 нафар фуқоро карантинда сақланмоқда.
Уй шароитида эса 1939 та оила аъзоси бўлган 6449 нафар фуқаро 1740 та хонадонда карантин ўтамоқда.
Коронавирус оқибати билан курашга сафарбар этилган тиббиёт ходимлари 561 нафар шифокор ҳамда 5010 нафар ўрта ва кичик тиббий ходимларидан иборат бўлиб, уларнинг 206 нафари терапевт, 135 нафари реаниматолог, 79 нафари инфекционист, 141 нафари эпидемиолог врачлардир.
Вилоят, шаҳар ва туманлар тиббиёт муассасаларида 828 та захира ўрин ҳозирлаб қўйилган.
Жорий йилнинг 29 март куни соат 13:00 да 95 нафар, 14:00 да 382 нафар фуқаро “Ғишткўприк” чегара постидан ўтган бўлиб, уларнинг 5 нафари Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди, қолганлар биринчи рейс билан 95 нафар, иккинчи рейс билан 377 нафари Сирдарё вилоятига жўнатилди.
Қибрай тумани юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга гумон қилинган шахсларни 14 кунлик карантинда ушлаш учун 90 ўринли захира мавжуд бўлиб, 3 нафар фуқаро коронавирусга гумон қилиниб, бу ерга ётқизилди.
РШТЁИМ Тошкент вилояти филиалига эса Туркия давлатидан келган, бири онкологик касал, иккинчиси унга қаровчи 2 нафар фуқаро жойлаштирилди.
1 нафар фуқаро “Ҳожикент” пансионатидан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига, яна 1 нафар фуқаро Чирчиқ ҳарбий полигонидан Қибрай тумани юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилди.
Юқори Чирчиқ карантин полигонининг қуриб битказилган қисмига чет 2 та авиарейс билан келтирилган 484 нафар фуқаро жойлаштирилиб, улар учун қўшимча 10 нафар ҳамшира, 10 нафар кичик тиббиёт ходими ажратилди ҳамда дори-дармонлар, канцелярия товарлари, тиббиёт асбоб-анжомлари, гигиеник воситалар, қаттиқ жиҳозлар етказиб берилди.
Шунингдек, Чирчиқ ҳарбий полигони ҳам қўшимча равишда дори-дармонлар, канцелярия товарлари, тиббиёт асбоб-анжомлари, гигиеник воситалар, қаттиқ жиҳозлар билан таъминланди.
Ҳозирги кунда вилоятдаги 28 та (шундан 16 таси кунлик) деҳқон бозоридан ташқари барча савдо комплекслари тўлиқ ёпилган. Деҳқон бозорларида 17 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдоси йўлга қўйилган.
Бозорларда ҳар куни дезинфекция ва санитар-тозалов тадбирлари амалга оширилмоқда, тепловизорлар билан тўлиқ таъминлаш ишлари якунига етказилмоқда.
Шаҳар ва туманлар ҳудудларига кириб-чиқиш бўйича тўлиқ чекловлар ўрнатилган. Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида карантин шароитига ўтилиб, ҳудудга кириш-чиқиш махсус рухсатнома билан амалга оширилмоқда. Вилоят миқёсида 54 та карантин блокпости ташкил этилиб, 200 та ички йўл беркитилган.
Деҳқон бозорларига олис жойларда, тоғли қишлоқларда (Бўстонлиқ, Оҳангарон, Паркент тумани) арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари вақтинчалик савдо марказларининг фаолияти йўлга қўйилган.
Вилоят ҳокими раҳбарлигида коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича вилоят штаби, шаҳар ва туманлар ҳокимлари раҳбарлигида шаҳар ва туманлар штаблари 24 соат узлуксиз ишлаб турибди. Штаб аъзолари томонидан ҳар соатда воқеалар ривожи тезкорлик билан таҳлил қилиниб, зарур қарорлар қабул қилинмоқда.