Трамп Нобель мукофотига номзод этиб кўрсатилди

Норвегиянинг “Тараққиёт партияси” депутати Кристиан Тибринг-Гедде Америка президенти Дональд Трампни Нобель мукофотига номзод этиб кўрсатди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.

Норвегиялик сиёсатчи Нобель қўмитасига хат юборди. У ерда Америка раҳбарига нега мукофот топширилиши кераклигини тушунтирди. Хатга кўра, Трамп сиёсий фаолияти давомида дунёда тинчлик ўрнатиш учун мукофотнинг бошқа номзодларидан кўра кўпроқ ишларни амалга оширган. Хусусан, унинг маъмурияти “Исроил ва Бирлашган Араб амирликлари (БАА) ўртасидаги алоқаларнинг йўлга қўйилишида муҳим ўрин эгаллаган”.

“Эҳтимол, минтақадаги бошқа мамлакатлар ҳам амирликлар изидан боришлари мумкин. Шу сабабли ушбу келишув Яқин Шарқни ҳамкорлик ва фаровонлик минтақасига айлантирадиган омил бўлиши эҳтимоли бор”, деб алоҳида таъкидлаган Тибринг-Гедде.

13 август куни Трамп Исроил ва амирликлар икки томон муносабатлари барқарорлашганини эълон қилиб, тарихий келишувга эришгани ҳақида хабар қилди. Мамлакатлар АҚШ президенти маъмурияти воситачилиги ёрдамида келишувга эришди. Битим шартларига биноан, Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ҳудудида ўзининг суверенитетини тарқатиш қарорини вақтинча тўхтатиб туради.