Нобель мукофотини ололмаганлар: Дональд Трамп ёлғиз эмас

Бу йилги Тинчлик бўйича Нобель мукофоти кутилмаганда Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадога топширилди. Ҳолбуки, АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзини бу мукофот учун асосий даъвогар деб ҳисоблаб, бир неча марта очиқча баёнот берган эди.

Бироқ Ослодаги Нобел қўмитаси бутунлай бошқача қарор қабул қилди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Дональд Трампнинг “Олти ой ичида олти урушга чек қўйдим” деган баёноти анча бўрттирилган бўлиб, бу можаролар аслида унинг аралашувисиз ҳам тугаш арафасида бўлган.

Шунингдек, у Яқин Шарқдаги зиддиятларни ҳал этишда “етарлича жонбозлик кўрсата олмади”. (Нобель қўмитаси қарор қабул қилаётган пайтда Қоҳирадаги музокаралар ҳануз давом этаётган эди).

Унинг “Украина ва Россия ўртасидаги урушни бир ҳафтада тугатаман” деган сайловолди ваъдаси ҳам бажарилмай қолди.

Бундан ташқари, мукофотни тақдим этиш арафасида Дональд Трамп АҚШ Мудофаа вазирлигини “Уруш вазирлиги” деб қайта номлаш таклифини илгари сургани ҳам Нобель қўмитасининг қарорига салбий таъсир кўрсатган бўлса ажаб эмас.

Шунингдек, у ўз номзоди ҳақида жамоатчилик олдида кўп бора гапиргани ҳам Нобель қўмитаси томонидан босим сифатида баҳоланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу билан бирга, Трамп учун ҳали ҳаммаси тугамаган: у кейинги йилларда яна мукофотга даъвогарлик қилиши мумкин.

Тинчлик бўйича Нобель мукофоти — бу тинчлик, халқаро ҳамкорлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг нуфузли мукофот ҳисобланади. У Нобелнинг олтита мукофоти ичида энг баҳслиси ҳамдир.

Ҳар йили Норвегия Нобель қўмитаси ғолибни эълон қилар экан, жамоатчилик орасида катта мунозаралар авж олади. Баъзан ҳақиқатан ҳам муносиб номзодлар четда қолиб кетади.

Мукофотсиз қолган буюк шахслар

Улар орасида энг машҳур номзодлардан бири Маҳатма Ганди ҳисобланади. У бутун ҳаётини Ҳиндистоннинг Британиядан мустақиллиги ва каста тизимига қарши зўравонликсиз курашга бағишлади.

Ганди ҳатто Гитлерга хат ёзиб, уни Иккинчи жаҳон урушини бошлашдан қайтаришга уриниб кўрган.

Шунга қарамай, у ҳеч қачон Нобель мукофотини олмаган. Фақат вафотидан кейин Нобель қўмитаси унинг хизматларини шунчаки эътироф этган, холос.

Яна бир эътиборли инсон - Жан Моне бўлиб, у ҳақли равишда “Европанинг отаси” деб аталган ислоҳотчидир. Гарчи у кўҳна қитъадаги турли мамлакатларнинг иқтисодий салоҳиятини бирлаштирган Европа Иттифоқи ғоясини илгари сурган бўлса-да, бироқ ҳеч қачон Нобель мукофотига лойиқ кўрилмади.

Шунингдек, ўз ҳаётини инсон ҳуқуқлари ва адолатни мустаҳкамлашга бағишлаган АҚШнинг биринчи хоними Элеанора Рузвелт ҳам ана шундай шахслардан биридир. У олти марта номзод бўлган бўлса-да, мукофотга лойиқ кўрилмади.

У Иккинчи жаҳон уруши пайтида Қизил Хоч қўмитаси фаолиятида қатнашди, эрининг вафотидан сўнг эса Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини тайёрлашда фаол иштирок этди. У 1968 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мукофот билан тақдирланди, аммо Нобель мукофоти унга насиб этмади.

2015 йилда Рим папаси Франциск ҳам ўзининг глобал қашшоқликка қарши кураш сиёсати билан Тинчлик учун Нобель мукофотига асосий номзод сифатида кўрилган эди. Бироқ ўша йили мукофот Жанубий Осиёлик бола ҳуқуқлари ҳимоячиларига берилди.

Нобель қўмитаси тарихидаги энг ҳайратланарли ҳолатлардан бири немис физиги Арнольд Зоммерфелд билан боғлиқ. У 80 мартадан зиёд Нобель мукофотига номзод бўлган, аммо ҳеч қачон ғолиб бўлмаган. Шу билан бирга, унинг олти нафар шогирди кейинчалик Нобель мукофотини қўлга киритган. Бу эса Зоммерфелд номзодининг рад этилиши ҳақида ҳанузгача баҳслар тугамаганини кўрсатади.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш ўринлики, Нобель Тинчлик мукофоти ҳар йили жаҳон ҳамжамияти эътибор марказида бўлади. Аммо тарих шуни кўрсатадики, ҳамма ҳам бу мукофотни олиш бахтига муассар бўлавермайди.

Гарчи Махатма Ганди, Элеонора Рузвелт, Жан Моне, Франциск ёки Арнольд Зоммерфелд каби инсонлар мукофотсиз қолган бўлсалар-да, уларнинг инсонпарварлик ва илм йўлидаги хизматлари Нобель мукофотидан ҳам юқори қийматга эга.

Қодир Жўраев,

сиёсий фанлар доктори, профессор.