Самарқанд давлат университетида Нобел мукофоти соҳиби номидаги илмий лаборатория очилди
Университетнинг кимё факультетида Нобел мукофоти соҳиби Азиз Санжар номидаги замонавий таҳлил усуллари илмий лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Профессор Азиз Санжар - АҚШда яшаб, ижод этувчи машҳур турк биокимёгари. АҚШдаги Шимолий Королина университетида фаолият кўрсатаётган профессор охирги 20 йилда саратон билан зарарларган ҳужайранинг DNK тизимини тузатишнинг биокимёвий механизмларини ишлаб чиққан ва ушбу тадқиқоти учун 2015 йилда кимё фанлари бўйича Нобель мукофотига лойиқ кўрилган.
Лаборатория энергодисперсион рентген флуоресцент спектрометр, электрон ютилиш спектрофотометри, кукун рентген дифрактометри каби саккиз турдаги замонавий қурилмалар билан жиҳозланган, - деди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. - Илмий лабораторияда халқ хўжалигининг кимё, фармацевтика, тиббиёт, озиқ-овқат саноати, биологик тадқиқотлар, кончилик каби соҳаларида тадқиқотлар олиб бориш имконияти мавжуд.
Шунингдек, меҳмонлар молекуляр биотехнологиялар ва замонавий ботаника асослари ҳамда виварий, биофизиологик, биокимёвий тадқиқотлар илмий лабораториялари билан танишди.
Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Нобель мукофоти соҳиби Азиз Санжар, олий таълим муассасалари ректорлари ва профессор-ўқитувчилар қатнашди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.