Нобель мукофоти ҳақида қизиқарли фактлар
Нобель мукофоти тарихи 1901 йилда бошланган. Машҳур халқаро мукофот тарихида жуда кўп қизиқарли ҳодисалар рўй бериб турган. 100 дан ортиқ мукофотлар берилган ушбу давр мобайнида нуфузли мукофот топширилиши маросими ўтказилмаган йиллар ҳам бўлган...
Лауреатларнинг ёши
Узоқ вақт давомида энг ёш Нобель мукофоти лауреати 1915 йилда мукофотни 25 ёшида олган физик Уильям Лоуренс Брагг бўлиб келган. Қарийб юз йил ўтгач, 2014 йилда 17 ёшли покистонлик Малала Юсуфзай уни ортда қолдириб, “болалар ва ёшларга нисбатан зулмга қарши кураш ҳамда болаларнинг таълим олиш ҳуқуқлари учун” тинчлик бўйича нуфузли мукофотга сазовор бўлди.
Йил фасли
Статистик маълумотларга кўра, мукофот совриндорлари орасида энг кўп 28 февраль ва 21 майда туғилганлар бўлган. Демак, Нобель мукофоти совриндорлари кўпинча қишда ёки баҳорда туғилар экан.
Совриндорлар орасида аёллар кам
Кўп сабабларга кўра илгари аёлларда илм-фан билан шуғулланиш имконияти бўлмаган. Мария Склодовская-Кюри Нобель мукофоти совриндори бўлган энг машҳур аёл эди. Польша ва Франция экспериментал олими, ўқитувчи ва жамоат арбоби Париж университетидаги биринчи аёл ўқитувчи ҳам бўлган.
Бундан ташқари, Мария икки мартадан мукофот олган тўрт кишидан бири бўлди. Склодовская-Кюри биринчи мукофотини 1903 йилда физика соҳасидаги тадқиқотлари, иккинчисини 1911 йилда янги кимёвий элементларни кашф этгани учун олди.
Нобель мукофоти етакчиси - АҚШ
Америкаликлар ҳақиқатан ҳам энг кўп мукофотларни қўлга киритган. Уларга кўпинча кимё, физика ва тиббиёт соҳаларида мукофотлар берилган. Умуман олганда, бошқа лауреатлар қаторида америкаликларнинг Нобель мукофоти олиш бўйича улуши 40 фоиздан ортиқ.
Нобель мукофотидан бош тортган лауреатлар
Француз файласуфи Жан-Пол Сартр адабиёт бўйича мукофотни олиши мумкин эди, лекин у мукофотни ҳам, унга тегишли тадбирлар ҳам рад этди.
Вьетнамдаги фуқаролар уруши (1955-1975) муносабати билан 1973 йилда сиёсатчи ва дипломат Ле Дих Тҳо тинчлик мукофотидан бош тортди – ўша даврдаги вазиятда унга бу қарор тўғри бўлиб туюлди.
Вафотидан кейинги лауреатлар
Мукофот тарихида бир неча бор номзодлар мукофот топширилгунга қадар вафот этган ҳолатлар юзага келган. Гап швед шоири Эрик Аксел Карлфельдт ва давлат арбоби Даг Ҳаммерсшельд ҳақида кетмоқда.
Немис олимларига Нобель мукофоти ман этилган
Мамлакатдаги ҳокимият миллий социалистларга тегишли бўлган пайтда Германиялик олимларга Нобель мукофотини олиш тақиқланган эди.
Уч олим Герхард Домагк, Адольф Бутенандт ва Ричард Кун ўз мукофотларини фақат Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин олишган. Бироқ, пул кўринишидаги бонус уларга берилмаган.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.