Трампнинг шахсий мулкидан Ким Чен Ин билан ўзаро мактублари топилди

АҚШ Миллий архивлар ва ҳужжатлар бошқармаси расмийлари собиқ президент Дональд Трампнинг Флоридадаги мулкидан бир неча қути ёзишмалар, жумладан, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мактубларини мусодара қилди, деб хабар бермоқда Washington Post ахборот манбаларига таяниб.

Нашрнинг ёзишича, Трамп ҳужжатларни Оқ уйдан ўз мулкига олиб чиққан.

Президентнинг барча расмий ҳужжатлари давлат мулкига айлантирилган. Президент ёзувлари тўғрисидаги қонунга биноан архивчилар уларни Мар-а-Лаго мулкидан олиб қўйишган. Ушбу қонун 1978 йилда 1974 йилда президент Ричард Никсон даврида Уотергейт можаросидан кейин қабул қилинган.

Мусодара қилинган ёзишмаларда Трампнинг ўзи бир пайтлар “севги мактублари” деб таърифлаган Ким Чен Иннинг мактубларидан ташқари, Барак Обаманинг 2016 йилда ўз вориси учун қолдирган хабари ҳам бор, деб ёзади газета.

Нашр суҳбатлашган экспертлар Трампнинг президентлик ҳужжатларини сақлаш бўйича қонунни бузгани учун жавобгарликка тортилиши эҳтимолини даргумон деб баҳолашди.

Оқ уйнинг собиқ ходимларидан бири собиқ президент ҳаракатларида ғаразли ният борлигини рад этди. Унинг сўзларига кўра, архивнинг хусусий мулкка кўчирилиши Трампнинг бизнесмен сифатидаги фаолияти давомида эришган битимларни кузатиб бориш одатидан далолат беради.