Трансформатор ва симёғочлар бўйича мурожаатлари жавобсиз қолаётган фуқаролар: “На мурожаатларимизни эшитишди ва на мақоладан сўнг биров келиб ўрганди, Ургутда электр масъуллари нима иш қилишади?”
Эҳтимол, сизга Ургутнинг бир неча ҳудудларидан келаётган бу мурожаатлар аччиқроқ туюлар. Лекин бир неча қишлоқдаги ҳал қилиш мумкин бўлган бу муаммоларнинг йиллар давомида, ўнлаб мурожаатлардан сўнг ҳам тугамаётгани ҳар қандай истеъмолчини ҳам ғазабга солса керак.
Бундан сал кам бир ой олдин сайтимизда “Битта тумандан учта мурожаат: Ургутда электр таъминоти иншоотлари «етиб келган» кўринади” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Аҳолининг қайта қайта мурожаатидан сўнг, билдикки, тилга олинган қишлоқларга масъуллар бу вақт давомида қадам ҳам босмаган.
Савол туғилади, аҳолининг қўнғироқлари жавобсиз қолса, юзма-юз мурожаат ҳам наф келтирмаса, ёзма мурожаатлардан сўнг ҳам муаммо ўзгармаса, бу мурожаатлар ОАВларда эълон қилинганидан кейин ҳам биров ўрганмаса, ростан ҳам фуқаролар нима қилиши керак?
Мисол учун, мақолада Ургутнинг Чабдара қишлоғидаги авария ҳолатига келиб қолган симёғочлар ҳақда сўз борган. Бу ҳолатни кўплаб қишлоқлардаги “чарчаган” симёғочлар билан солиштириб бўлмайди. Чунки бу ерда ерга тегай деб қолган симёғочлар 1968 йилда ўрнатилган бўлиб, айримлари юқори кучланишли. Бугун бўлмаса эртага фалокатга сабаб бўлиши мумкин.
Хуллас, аҳвол хавотирли даражада. Лекин бу электр таъминоти ходимларини ташвишга солган эмас. Тўғри, биз билан мулоқотда вилоят электр таъминоти вакиллари “бу ҳолатдан туман ҳокимлиги ҳам хабардор ва тез орада муаммо ҳал этилади”, дейишган эди. Аммо бугун аҳолининг қайта мурожаатидан билдикки, бир ой ўтиб ҳам лоақал ҳолат кўздан кечирилмаган.
“Биз энди туманнинг масъулларига ишонмаймиз. Мурожаатимизга вилоятдаги ташкилотлар бир эътибор беришидан умидвормиз,” дейди Чабдара қишлоқ оқсоқоли Муҳаммади Раҳмонов.
Худди шундай туманнинг Алгар маҳалласидан ҳам қайта мурожаат бўлди. Бу ҳудуддаги 606-рақамли трансформатор икки йилдан бери яроқсиз экани, алгарликлар трансформатор таъмири учун пул йиғишдан чарчагани, айтилганди. Аҳоли туман электр тармоқларидан трансформаторни жиддийроқ таъмирлаб беришни сўраган эди. Афсуски бу ҳам эътиборсиз қолиб кетган экан.
“Мана, кечаги шамолда яна трансформаторимиз ишдан чиқди, яна туман электр тармоқларига қўнғироғимиз натижа бермади, ўзимиз таъмирладик”, демоқда алгарликлар.
Афтидан, туманда электр соҳасида мурожаатларга муносабат шу тарзда давом этса, бошқа қишлоқлар аҳли ҳам тез орада трансформатор созлашни ўрганиб олишади, фақат бунинг учун маош олишмайди, холос.
Ва ниҳоят Ургутдаги учинчи мурожаат. Сўнгги кунларда "Хўжабаланд" маҳалласи вакиллари қўнғироқ қилмай қўйишганида "муаммо ҳал бўлибдимикин" деб хурсанд бўлгандик. Бугун боғланиб билдикки, адашган эканмиз. Мақолада келтирилган қайси муаммога Ургут туман электр тармоқлари жиддийроқ қараганки, бунисиҳал бўлса?
"Хўжабаланд" маҳалласи 2018 йилда "Обод маҳалла" дастурига киритилган. Маҳаллани ярмига электр тармоғи тортилган, қолган ярми (56 та хонадон)га тармоқ тортиш ишлари чала қолган. Бир неча мурожаатлар эътиборсиз қолдирилган. 2019 йилда, сайёр қабулда фуқароларнинг кўплаб мурожаатларидан сўнг маҳаллий ЭТК раҳбари 2020 йил муаммони ҳал қилишга беришга ваъда берган. 2020 йил ҳам "бир пасда" келиб қолгач, 2021 йил иккинчи ярим йилликда қилиб берилиши маълум қилинган. Аммо ваъда ваъдалигича қолиб кетган. Қизиқ, бир эмас, ўнлаб хонадонларни мана, бугун, мана, эртага деб алдаб келган соҳа масъулларининг бу иши қонунларимиз нима деркан. Ҳар ҳолда назорат органлари "мана, бугун, ана, эртага дейишмаса керак".
Аҳволнинг ўзгариши энди юқорироқ ташкилотлар муносабатига боғлиқ, назаримизда.