Туҳмат учун ходимни ишдан бўшатиш мумкинми?
Агар ходимнинг туҳмат қилиш билан боғлиқ ҳаракати ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузиш ҳолати сифатида кўрсатилган бўлса бўшатиш мумкин.
Бундай ҳолатларда меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 5-банди билан, яъни меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузилганлиги муносабати билан бекор қилинади. Бироқ, бу ерда қўшимча равишда иккита муҳим шарт бор ва ушбу икки шарт бўлгандагина ходимни туҳмат қилганлиги учун ишдан бўшатиш (ёки бошқа турдаги интизомий жазо қўллаш) мумкин бўлади.
Биринчиси, ходимнинг туҳмат билан боғлиқ ҳаракати унинг меҳнат вазифалари, яъни меҳнат ҳамда касбий фаолияти билан боғлиқ бўлиши керак.
Иккинчиси, туҳмат факти суд томонидан ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тартибида ёки жиноят процесси тартибида исботланган бўлиши керак. Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш учун шахс, аввало, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-моддасида кўрсатилган маъмурий жавобгарликка, алоҳида ҳолларда ёки маъмурий жазодан кейин ҳам туҳмат ҳолати содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 139-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилади.
Содда қилиб тушунтирганда, туҳмат ҳаракати ҳар икки ҳолатда (маъмурий ёки жиноий жавобгарлик ҳолатларида) ҳам суд тартибида аниқланади. Янада жўнроқ айтганда, ходимнинг туҳмат қилганлиги агар бу меҳнат ва касбий фаолияти давомида содир этилганда ҳам бу ҳаракатда туҳмат борми-йўқми, иш берувчи бунга баҳо бера олмайди. Ёки ходимни туҳмат қилганини тасдиқловчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-моддасига мувофиқ чиқарилган суд қарори ёки Жиноят кодексининг 139-моддасига асосан чиқарилган суд ҳукми (ёхуд ажрими) бўлиши керак.
Б.Абдураҳмонов,
Жомбой туман прокуратураси терговчиси.