Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Туризм – Самарқанд иқтисодиётининг муҳим драйвери

Самарқанд – ҳар бир инсон умри давомида албатта бориб кўриши шарт бўлган дунёнинг 50 та энг машҳур шаҳарлари қаторида эътироф этилади. Шу боис Самарқандга келувчилар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда.

2016 йилда 178 минг нафар хорижлик, 980 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилган бўлса, 2019 йилда уларнинг сони мос равишда 560 минг ва 3 миллион нафардан ошди. 2016 йилда сайёҳларнинг вилоятда қолиш кунлари ўртача 1,5 кунни ташкил этган бўлса, бугунга келиб 2,6 кунни ташкил этмоқда.

Ўтган 2020 йилги пандемия бу борадаги ишларга таъсир қилган бўлса-да, бугун карантин тартиблари босқичма-босқич юмшатилиб, сайёҳлар оқими кўпаймоқда. Бундан тўрт йил олдин вилоятда меҳмонхоналар 99 тани ташкил этарди. Бугунга келиб меҳмонхона, меҳмон уйлари ва хостеллар сони 410 тадан ошди. Улар бир вақтнинг ўзида 11 минг 491 та меҳмонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

2020 йилда Самарқанд туманидаги Конигил қишлоғида республикадаги биринчи “туризм қишлоғи” ташкил этилган эди. Қишлоқда 3,0 гектар ҳудудда узунлиги 840 метр пиёдалар йўлаги ташкил этилди. 38 та туристик ҳамда хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилди. Жорий йилда мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Ургут туманидаги Терсак ва Пайариқ туманидаги Чоштепа қишлоқлари туристик гўшага айлантирилмоқда.