Туркистон қўрбошилари, "босмачи"лар, Туркистон тарихида ўтган 55 буюк сиймо
Улар ҳақида нималарни биламиз?
Умримизнинг ўтган ҳар бир куни, ойи, йили, ҳатто ҳар бир они биз учун кеча, яъни тарих, аммо у бизнинг тарих, негаки шодумон кунларимиз завқи-шавқи, ташвишни онлар машаққату изтироби, омаду қоқинишларимиз кечинмалари ана шу лаҳзаларда муҳрланиб қолади.
Бугун эса қувваи ҳофизамиз, савиямиз даражасида биз ундан ўзимизга хулоса оламиз. Яхши-ёмонни англаш учун баъзида бир-иккита ҳолатни зикр қилиш ҳам етарли бўлади. Лўнда қилиб айтганда, тарихнинг турган битгани сабоқ. Тарихнинг яхши-ёмони бўлмайди, чунки у ўтган кунимиз, аммо ундан чиқарадиган хулосамизнинг яхши-ёмони бўлади.
Бугунги куннинг моҳияти, воқелигини кечаги кунингиздан изланг. Аниқроғи, тарихдан ола олган хулосангиз салмоғи бугунингизнинг тош-тарозисидир. Алломалардан бири “ўз тарихини яхши билмаган ва тегишли хулоса чиқара олмаган халқ уни яна бошидан кечиришга маҳкумдир”, деган мазмунда ҳақ гапни айтган. Хуллас, бугунги хатойимиз ҳам, ютуғимиз ҳам кечадан ўтиб келган тушунчамиз, ҳаракатимиз натижасидир.
Асосий фикр шулким, агар биз тарихдан тўғри сабоқ ола билсак, уни бугунда синовдан ўтказсак, эртамизни белгилашимиз осон кечади, яъни сабоқлардан чиқарилган хулосалар, ғояларгина эртамизга маёқ бўла олади.
Йўқ, шошилманг, бу ҳаммаси эмас, бу ҳали тарих ҳақида ҳамма биладиган ва шууримизга сингиб кетган оддий анъана ва нақлларгина эди, холос. Ҳаётимиздаги битта ҳодисотдан тарих ясаб бўлмайди. Тарих илми воқеликлар тафсилоти эмас. Тарих илми манбадан хулосагача бўлган жараён. Тарих тўғрисида оғзаки баҳсу низога ўрин йўқ, у манбага эга бўлган мантиқ билан исботланади. Бинобарин, ҳодиса ва ҳодисотларни шарҳлаш, қиёслаш, муҳитнинг уларга таъсирини ўрганиш, муайян даврнинг жамиятдаги оқибатларини синчиклаб аниқлаш – буларнинг ҳаммаси ана шу жараён ичида бўлиши лозим. Ўшандагина биз ўз тарихимиз тўғрисида мукаммал тасаввурга эга бўламиз. Тарихни ёзишда хато қилиш, уни нотўғри талқин қилиш пировардида миллатга ўзлигини англашда халақит қилади. Бугунги ҳаёт бу ҳақиқатнинг нечоғлик тўғри эканлигини кўрсатиб турибди.
Қадрли ўқувчим, сизни чалғитмай ва зериктирмасдан айта қолай: бу ёзганларимнинг барчаси иқтидорли ва зукко тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов китоблари ва мақолаларини ўқиганимдан сўнг олган таассуротларим ва ўзлаштирган фикрларимдир.
Табиийки, айниқса тарих соҳасида китобхонни ўзига жалб қила оладиган рисола ёзиш осон эмас. Биринчидан, биз йиллар давомида тарихни бир хил ифодалашдан зада бўлдик. Иккинчидан, айрим тарихчилар фақат диссертация ёқлаш учун “тадқиқот” қилиб, уни кам сонли мутахассислар учун чоп этишдан нарига ўтишмаяпти. Учинчидан, баъзи олимлар қайсидир манбадан топган қизиқарли тарихий воқеа ёки фактни ижтимоий тармоқда айлантириш билан овора. Гарчи олимлар, зиёлилар эътиборини тортишга хизмат қилса-да, уларда таҳлил, қиёслаш, салмоқли хулосалар йўқ. Шу боисдан ҳам аҳолида, айниқса зиё аҳлида тарихимизга оид изчил тадқиқот, тарихимизнинг ўша давр муҳитидаги салмоғи ҳамда бугунимизни белгилаб олишдаги аҳамияти кўрсатиб берилган асарларга эҳтиёжи катта.
рКамина Қ.Ражабов китобларини мутолаа қилгач, бу олим фаолиятида ана шу хислатлар борлигини сезгандек бўлдим. Эҳтимол, авлиёлар маскани – Бухоронинг Шофирконидан пойтахтга боргани, олий ўқув юртига киргунга қадар 2-3 йил турли идораларда ишлаб, Россияда ҳарбий хизматни ўташдаги ҳаётий тажрибасими, тайёрлов курсида ўқиб ТошДУда эътиборли устозлар меҳрига тушганими, билмадим, аммо у тизимлар алмашаётган бир пайтда уларнинг фарқини теран англай олди. Гарчи соҳага иштиёқ, илмга ташналикни аввалроқ ўзлаштирган, айрим манбалар моҳияти шуурини безовта қилган бўлса-да, Қаҳрамон домла ўз иқтидори ва салоҳиятини мустақиллик йилларида намойиш қила билди. Эҳтимол, давр маънавиятидаги инқилобий эврилишлар унинг ҳам қалбидаги шундай туйғуларга қанот бергандир…
Фикримнинг исботи учун Қ.Ражабовнинг “Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати: моҳияти ва асосий ривожланиш босқичлари (1918-1924 йиллар)” китобидаги айрим ҳолатларга тўхталиб ўтаман. Аслида бу олимнинг номзодлик диссертацияси объекти.
Китобнинг сўзбошисиданоқ кўп нарсани англадим: муаллиф “мустақилликнинг дастлабки йилларида илм-фан тараққиёти ва ёш республиканинг бўлғуси олимлари олдига қўйилган талабларга биноан тайёрланган ҳамда ҳимоя қилинган тадқиқотнинг макон ва замон синовига нечоғлик дош берганлиги, тарихий ҳақиқат ва холисликка қай даражада риоя қилинганини очиқ кўрсатиш, шу билан бирга, бугунги мураккаб жараёнларда Ўзбекистонда тарих фанига нисбатан муносабат амалда қандай эканлигини, тарихдан чиқариладиган аччиқ сабоқлар қанчалик муҳимлигини жамоатчиликка яна бир карра эслатиш”ни мақсад қилган. Бинобарин, олдиндан айта қолай, қалбидаги иштиёқ, маънавий жасорат, вужудидаги сабр-тоқат, ёнидаги оқил устозлар ёрдамида бунга эришган ҳам.
Тадқиқот матни дастлаб 240 саҳифа бўлган, уни қизғин тортишувлардан сўнг, номзодлик диссертацияси талабига мослаб ярмини қисқартиришган. Муҳими, ундаги ғоя ва хулосалар асосида олим 2005 йилда “Туркистон минтақасида совет режимига қарши қуролли ҳаракат (1918-1924 йиллар)” мавзусида докторлик ишини ҳимоя қилишга ҳам иштиёқ, сабот ва заковат топа билган. Битта номзодлик иши учун 6 та хроникал ҳужжатлар тўплами, 26 та архив ҳужжатларини, 16 номдаги газета-журналларни, 13 та хотира ва эсдалик китобларини, 133 та илмий адабиётларни мутолаа қилган. Устози, тарих фанлари доктори Раъно Ражапованинг таъкидлашича, олим мавзу атрофида жуда катта ҳажмдаги ҳужжатлар манбасини ўрганиш баробарида, қувваи ҳофизаси билан Фарғона водийси мисолида Туркистон ҳудудидаги истиқлолчилик ҳаракати моҳиятини ўрганиб, унга янгича, адолатли нуқтаи назар билан ёндашиб, бу ҳаракатнинг барча йўналиш ва босқичларини таҳлил қилди, халқимизнинг оғир шароитлардаги қаҳрамонлигини кўрсата билди. Олим тарихий манба ва ўз хулосаларига таянган ҳолда Ўзбекистон тарихи фанида илк бор шу пайтгача “босмачилик” ҳаракати деб келинган тушунча истиқлолчилик ҳаракати эканлигини дадил айта олди.
Табиийки, таниқли олимнинг бундай баҳосига қўшимча қилишга менинг ҳаддим сиғмайди, бироқ тан оламанки, айнан ана шу китобни мутолаа қилганимдан сўнг ХХ аср бошидаги истиқлолчилик ҳаракати тўғрисидаги тасаввурим мукаммаллашди. Олимнинг таҳлили орқали биз шу пайтгача “босмачи” деб келган кишилар аслида элнинг фидойи фарзандлари, мустақиллик учун курашувчилар экани, бу ҳаракатнинг ибтидосию аянчли интиҳоси, бу курашда қатнашганлар ҳақидаги маълумотларга эга бўлдим. Зотан, муаллиф қисқа муддат давом этган бу ҳаракатнинг ҳар бир кунини далиллар билан ёритиб берган.
Тасаввур қилинг, истиқлол учун курашган зиёлилар, қўрбошилар ҳар бирининг хизматини ўрганиш учун бир олимдан қанча вақт, қанча сабот талаб этилади? Китобга киритилган иловада Қўқондан 33 кишининг, Марғилондан 66 кишининг, Намангандан 46 кишининг, Андижондан 24 кишининг, Олой воҳаси ва Ўш уездидан 12 кишининг исми-шарифи келтирилган. Шермуҳаммадбек йўлбошчилигидаги 8 минтақа қўмондонлари ва уларнинг қўл остидаги қўрбошилар номи аниқланади. Бу манбаларни Боймирза Ҳайит матнларида келтирилган қўрбошилар рўйхати билан муқояса қилади. Бундан ташқари, уларнинг қизил аскарлар томонидан сафдан чиқарилган, қатл этилганлари тўғрисидаги маълумотларни келтиради. Очиғи, тарихга қизиқиши бор зиёли сифатида айта оламанки, илгари бирорта олим томонидан тарихий воқеликнинг бу қадарлик батафсил ёритилганини ўқимаганман. Қ.Ражабов тадқиқотида камина маънавий жасорат намунасини кўрдим.
Дарвоқе, маънавий жасоратнинг бошқа жасоратлардан фарқи шундаки, қаҳрамонликка ўхшаган қудрат ёки салоҳиятнинг лаҳзалик натижаси эмас, у мунтазамлилик касб этиши зарур ва ижтимоий ҳаётда ҳам тан олиниши, бошқалар томонидан изчил давом ҳам этиши керак.
Шу ўринда битта мисол келтириб ўтсам. Маънавий жасорат – бу топган-тутганини эҳтиёжмандларга тарқатиш ёки шогирдлар билан беминнат қўшимча машғулот ҳам эмас. Агар ҳозирги даврда давлатманд киши фарзандлари тўйини анчайин ихчам, камчиқим қилиб ўтказса, бутун маҳалла буни одат қилса, бу маънавий жасоратга яқин, чунки бу ҳолат бойликни кўз-кўз қилишдан тийилишдан ташқари, ёшларнинг нуқтаи назарини ўзгартиришга хизмат қилади. Ёки бўлмаса, уйда оила билан “Кун жадвали” тузиб, унга риоя этиш, фарзандлар билан бир даврада бирорта китоб мазмуни юзасидан самимий суҳбат қуриш ҳам. Одамларни кўчада дуч келган жойга чиқинди ташлаб кетмасликка ўргатиш, бунда оила бўлиб ибрат кўрсатиш ҳам, неиложким, замонанинг маънавий жасоратига айланиб қолди.
Мен Қаҳрамон домла фаолиятида, аввало, халқимиз тарихини ўрганишга беқиёс иштиёқ, қадимий қўлёзмаларни нодир жавоҳир деб билиш завқи, мозийга оид маълумотлардан кўпни хабардор этиш ҳаваси, ҳар бир кишига ўз тарихини англашга кўмаклашиш, ундан хулоса чиқара олишга интилишни кўрдим. Бу хислат ҳам маънавий жасоратга яқин. Айнан ана шу хислат туфайли ҳам олим устозлари ёрдамида бошлаган ишини тўхтатмаяпти. Натижада “Фан” нашриёти давлат корхонасида олимнинг 2022 йили “Ўзбекистон ССРда совет режимининг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (1917-1991 й.)”, “Иброҳимбек қўрбоши”, “Туркистонда совет ҳокимиятининг иқтисодий сиёсати ва очарчилик даҳшатлари (1917-1924 й.)”, “Туркистон минтақасида совет режимига қарши истиқлилолчилик ҳаракати ва моҳияти (1918-1935 й.)”, “Туркистон қўрбошилари”, “Туркистон тарихида ўтган 55 буюк сиймо” ҳамда 2023 йили “Туркистон Мухторияти тарихи” ва бошқа кўплаб китоблари чоп этилди.
Мен бу китобларни ўқиш жараёнида айнан ўзим раҳбарлик қилаётган, ташкил топганига 110 йил тўлган “Зарафшон” газетасига асос солган буюк жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятига оид кўплаб маълумотлардан хабардор бўлдим. Унда М.Беҳбудийнинг советлар съезди, қурултойи, шунингдек, “Шўрои иқилоб” ташкилот анжуманларида, Туркистон мухторияти съездидаги чиқишлари қайд этилган манбалар кўрсатилган. Демак, биз бу жадид бобомиз ҳаётини ўрганишда энди ана шу манбалар асосида мақолалар қилишимиз, уни халққа етказишимиз керак. Шунингдек, “Зарафшон” газетасида чоп этилган жуда кўп мақолаларга урғу берилганким, муаллифларнинг бу чиқишлари ўша давр ижтимоий-сиёсий муҳитига жуда катта таъсир кўрсатган. Бу ҳолатни ўрганиш ва таҳлил қилишни ҳам самарқандлик ёш тарихчиларимизнинг навбатдаги вазифаси деб ҳисоблайман.
Бу асарлар орқали тарихчилар, умуман зиёли аҳли Туркистон қўрбошиларининг шахсияти, уларнинг мақсад ва ғояси, истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳнамолари, иш тутуми, фаолият тизими, қўрбошиларнинг унвони, байроғи, туғи, муҳри, ҳатто ҳарбий машқи, кейинги тақдирлари тўғрисида жуда кўп янги маълумот ва теран хулосалардан хабардор бўлдилар. Алп Эр Тўнга (Афросиёб)дан Амир Олимхонгача бўлган, жамият тақдирида муҳим роль ўйнаган давлат раҳбарлари ҳаётига оид китоб ҳам миллатимизнинг хизмати шу кунгача бизга номаълум бўлиб келган асл фарзандлари жасоратининг хотираси, фахрияси сифатида шууримизни янгича қарашлар билан бойитиши табиий.
Фақат бугина эмас. Қ.Ражабов тарихий шахслар сийратини чизиш баробарида ўша давр муҳитининг миллат турмуш тарзига таъсири ёки, аксинча, кучли шахсларнинг аҳоли ҳаётига таъсири жараёнини очишга эришган. Бундай маҳоратни биз олимнинг жамоат ва давлат арбоби Назир Ражабов ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ тарихий эссесида, Аҳмаджон Одилов ҳаёти, фаолияти, унинг чигал, изтиробли ҳаётига оид китобга масъул муҳаррирлик қилгани ҳамда унга салмоқли сўнгги сўз ёзганида ҳам кўрамиз.
Камина битигимга бу гал “хулоса қилиб айтганда…” деган анъанадан воз кечаман. Чунки Қаҳрамон домла ҳамон қизғин изланишда. Вақтли матбуотда, ижтимоий тармоқларда доимо фаол. Яқинда академик Азамат Зиё билан бирга Туркистон мухторияти ҳақида жуда самимий, таҳлилий чиқиш қилди. Бундан ташқари, мен ўзбек тарихчилигида ўзига хос услуб яратаётган иқтидорли олимнинг 2-3 та китобидан олган таассуротларимнигина қоғозга туширдим. Зеро, унинг халқаро ва мамлакат миқёсида истиқлолчилик мавзусида ўтказилган анжуманлардаги чиқишлари, китобларга, илмий тадқиқотларга ёзган тақризлари кўпчиликнинг эътиборида. Фақат бутун вужуди билан халққа меҳр қўйган, унинг шонли тарихини кўнгил мулки деб билган, ҳар қандай шароитда ҳам сабру қаноати билан тарихимиз шарҳини одилона ифода этаётган забардаст олим шаклланаётгани билан фахрга тўлганимни айтмоқчиман, холос.
Ижодга барака, Қаҳрамон Ражабов!
Фармон Тошев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.