Туркия Хуррам султон дегани эмас. Ёки уч денгиз атрофида жамланган мўъжиза
Бу ҳудудни Худо ҳар жиҳатдан сийлаган: денгизлар, ўзига хос тоғлар, ўрмонлар, неча минг йиллик тарих… Бу ерда бир вақтнинг ўзида юз минг йиллик тарихга эга бўлган тоғларни ўйиб ишланган ибодатхоналарни ва шунинг баробарида 60 мингдан зиёд аҳолини сиғдира оладиган улкан масжидлар, қадим саройлар-у, қадимги юнон цивилизацияси қолдиқларини кўриш, аллақандай оппоқ минералларга ўралган тоғлар-у, уларнинг бағридан чиқаётган қайноқ сувдан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Бу ердаги қоришиқ тарих, маданият турли дидли инсонларни ўзига тортади, чорлайди. Бу ҳудудга Ғарб-у Шарқнинг талпиниши сабаби шундадир.
Бу давлат ҳақида гап кетганда кўпчилик сайёҳлар унинг денгизига, дам олиш масканларига маҳлиё бўлади. Тўғри, денгиздан мосуво ҳудудларда яшайдиган биз каби сайёҳлар учун денгиз ҳавосидан баҳраманд бўлиш катта имконият. Аммо ҳудуд шунчалар кўп имкониятлар маконики, қай бир бурчига қараманг, ҳайратлар сўзлайверади.
Туризм мавзусини озми-кўпми ёритиб юрганим учунми, саёҳат давомида кўпроқ шу масалаларга, яъни сайёҳларга хизмат кўрсатилиши, юртни намойиш этишда сайрбон, яъни гидларнинг салоҳиятига эътибор қаратдим.
Меҳмонхоналар «юлдуз»ларининг асоси бор
Келинг, бир бошдан бошлай. Туркияга сентябрь ойи охири, октябрь бошларида саёҳатга бордим. Турфирма хизматларидан фойдаландик. Аввал бошдан айтиб қўяй, эркин саёҳат қилишга ўрганган, ўзи истаган жойга бориб, белгиланган йўналишлар бўйича юришни истамайдиганлар, қолаверса, гуруҳдаги умумий қоидаларга бўйсуниб саёҳат қилишни асаббузарлик деб ҳисоблайдиганлар учун турфирма орқали ташкиллаштирилган гуруҳли саёҳатлар асло тўғри келмайди. Аммо умуман бормаган давлатингда асосий манзилларига қийинчиликсиз, чипталаригача онлайн харид қилинган, ҳар бир ҳудуд ҳақида йўл-йўлакай маълумотларга эга бўлиб бориш имкониятини берувчи турфирма хизматлари аксарият учун қулай бўлса керак, деб ўйлайман.
Демак, Туркияга боришда Ўзбекистон ҳаво йўллари орқали учдик. Ижтимоий тармоқлардаги мамлакатимиз ҳаво йўллари компаниясига билдириладиган эътирозлар эҳтимол асосан нархлар билан боғлиқ бўлса керак. Аммо у ерда йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат, қолаверса, таомлар сифати, ҳаммаси юқори даражада. Тўрт соатлик парвоздан сўнг Истамбул аэропортига келиб қўндик. Паспортга тамға урдириш, юкларни олиш каби юмушлардан сўнг, белгиланган рақамдаги чиқиш эшигида бизни кутиб олувчи йўлбошловчи билан учрашдик. У бизга озроқ кутишимиз, яна бошқа йўловчилар келиши лозимлигини айтди. Бу жараён ўртача икки соат давом этди. Яъни гуруҳимизга нафақат Ўзбекистон, балки Тожикистон, Қирғизистон, қозоғистонлик сайёҳлар ҳам келиб қўшилди. Хуллас, салом, Истамбул, дея ҳаяжон ила илк манзилга йўл олдик. Дастур бўйича биринчи кун меҳмонхонада қолиш ҳамда дам олиш белгиланган. Истамбулнинг чеккароқ ҳудудидаги бир меҳмонхонага бориб, жойлашганимизда, тўғриси, кўпчиликнинг аҳволи гўё уйидан қочиб, дам олишга чиққан Кешанинг ҳолатига ўхшаб қолди. «Порлоқ йўл совхози қани?» Ҳақиқатан ҳам меҳмонхона қирликлару, даштликлардан ўтгач, чеккароқ, тинч ҳудудда қурилган, ортиқча ҳашамлардан холи эди.
Гарчи меҳмонхона Мармар денгизи бўйида жойлашган, ўзининг пляж ҳудудларига эга бўлса-да, назаримизда тўрт юлдузли меҳмонхона биз тасаввур қилган ҳашамларга эга бўлиши керак эди. Ваҳоланки, биздаги каби, баъзи ҳашаматли ва юқори хизматли меҳмонхоналар автомобиль йўллари бўйида, сершовқин ҳудудда жойлашган экан, ушбу меҳмонхонанинг юлдузлари пасайиб бораверади.
Шу ерда бизнинг асосий йўлбошловчиларимиз келиб, саёҳат қоидаларини тушунтирди. Иброҳим оға (сайрбон) анчайин қувноқ ва шу билан бирга ўта тартибли кўринди: саёҳат фақат белгиланган дастур асосида бўлишини, ҳеч кимнинг дўконма дўкон юриб, экскурсиялардан қолиб кетишига асло йўл қўйилмаслигини қайта-қайта таъкидлади. Назаримда, у Марказий осиёлик сайёҳлар билан ишлаб, бу масалада анча қийналган кўринади. Харидга ўч осиёликлар учун кези келганда тарихий обидалар ҳам кўзига кўринмаслиги мумкинлигини у аллақачон сезган, шекилли.
Туркия Хуррам султон дегани эмас
Хуллас, иккинчи кундан тилларда достон, Ғарбу Шарқни мафтун этган Истамбул саёҳатига отландик.
-Истанбул йўллари жуда тиқилинч шаҳарга айланиб улгурган, бу ерда 16 миллиондан зиёд аҳоли яшайди, яна бир кунда 16 мингга яқин туристларни қабул қилади, - дея изоҳ беради сайрбон. -Қадим юнонлар томонидан эрамиздан аввалги VII асрларда барпо этилган Византия ўз даврининг маданий шаҳарларидан бири бўлган. Кейинчалик римликлар ҳукмронлиги қўли остига ўтган, Константинополь сифатида машҳур бўлган Истанбул ўтмишдошлари ҳар бир даврда мавжуд табиий имкониятлари туфайли ўз даврининг йирик, савдо-сотиқ, маданий алоқалар ривожланган бир макони ўлароқ тарихда қолган. Истанбул сўзининг ўзи қадим юнон тилидан олинган бўлиб, «шаҳарга» деган маънони билдиради. Яъни яқин атрофдаги ҳудудлар аҳолиси Константинополга «шаҳарга боряпмиз» деб айтишган. Бу диёрга турклар келиши билан уларнинг тилига бу сўз яқинроқ ифодаланиб, Истамбул шаклини олган.
Гарчи сайрбон «даҳшатли» автомобиль тирбандликлари деса-да, шаҳарнинг ҳатто тор кўчаларида ҳам автомобилларнинг сокин ҳаракатланиши, ҳайдовчиларнинг бир бирига бостириб сигнал чалмаганига, хотиржамлик билан, йўловчиларга йўл бериб, масофа сақлаб машина бошқаришларига гувоҳ бўлдик.
Йўлларда ортиқча қолиб кетмаслик, кейинги манзилларга ҳам ўз вақтида улгуриш учун йўналишни белгилаб олган мутасаддилар йўлга қачон чиқиб, қайси обидага қайси пайт бориш лозимлигини ўйлаб қўйишган. Биз бунинг қадрини кўп ўтмай, мамлакатнинг асосий қадим саройи – Тўпқопидан чиқишда англадик. Саройга узундан-узун навбатларсиз кириш имконига эга бўлдик.
Дарвоқе, гуруҳ иштирокчилари саройни айланар экан, Хуррам султон ҳақида саволлари билан сайрбонни кўп чалғитишди. («Муҳташам юз йил» сериали таъсири остида бўлди бу саволлар. Сериалнинг таъсир кучи Туркия сайёҳлик тизимига ижобий таъсир кўрсатган, албатта). Иброҳим оға Туркия бу фақатгина Хуррам султон, дегани эмас, унинг жуда чуқур тарихи бор, дейишгача борди.
Тасвирга сиғмайдиган Босфор
Тўпқопи қурилиши биз ўйлагандек, Усмонлилар ҳукмронлиги даврида бошланмаган экан. Бу ерга киришда насронийларнинг черкови бўлгани ва у ҳамон сақланиб келинаётгани, Усмонлилар ҳукмронлиги даврида ҳам саройнинг айнан шу қисмига оддий одамларнинг ҳам ибодат учун киришлари бемалол бўлганининг ўзи маълум хулосаларни беради. Яъни ўзидан аввал яшаган юнонлар, римликлар қурган тарихий обидаларга зиён етказилмаган, аксинча, оддий аҳоли ҳам саройга киришнинг илк қисмидаги черковга келиб, ибодатини давом эттираверган экан. Бу уларнинг бағрикенглик сиёсатидан далолат беради. Дарвоқе, ҳозир ҳам саройнинг айнан шу қисмига кириш текин. Кейинги саройлар учун эса чипта олиш мажбурий, албатта. Тўпқопининг ўзи бир нечта ҳудудларга бўлинган. Шоҳларнинг қабул бўлимларию, шаҳзодалар тарбияланадиган ҳудуд, вазирлар маслаҳат кенгашлари ўтказган махсус безатилган хоналар ўша давр руҳини беради.
Усмонлилар ҳукмронлик қилган даврнинг нечоғлик бўлганлигини тарихдан озми кўпми хабардор инсонлар жуда яхши билишади. Саройлардан бирида давлат хизматчилари лавозимига тайинланган инсонларнинг бир неча ой давомида ўқитилиши, тайёргарлик кўриши ҳатто бугунги кунда ҳам қўллаш мумкин бўлган усуллардан бири экан, дея хаёлга бордим. Шунингдек, сарой ичида Султон Аҳмад даврида қурилган кутубхона, қироатхона киши эътиборини тортади.
Шаҳзодалару султонлар, маликалару қироличалар кийган либослар, тақинчоқлар (ўз қийматида) қимматбаҳо металлардан тайёрланган, улар ишлатган идишлар музейга айланган хоналарда намойиш этилмоқда. Уларнинг сон-саноғига етиб, айланиб, томоша қилиб тугатолмайсиз. (Айнан шу ерда бизнинг ўтмишдошларимиз ишлатган буюмлар, қимматбаҳо ашёлар бугун минг афсуски ўзимизга, давлатимизга тегишли эмаслигини ўйлаб ўкиндим). Нодир ашёлар, қўлёзмалар, ўзига хос дизайндаги либослар, XIX асрда француз қироллари қабулгоҳларидан илҳомланиб қурилган бирмунча янгироқ сарой ва ушбу бинолар айвонлари юқорисидан туриб пастга қарасангиз, мавжланиб ётган кўм-кўк денгиз… Бу муҳитда давлатни яхши бошқаришдан бошқа илож йўқ-да. Гарчи бир неча асрлардан сўнг салтанат ўз поёнига етса-да, бунга асосий сабаб бутун дунёда кечаётган исёнлар, барча қитъаларда янгиланишга ташланаётган қадам бўлса ажабмас. Тўғри, тарихчилар бунга қатор жиддий сабаблар, дейлик, салтанатнинг ўзаро ички низолари, ҳукмронлик қиладиган шаҳзодадан бошқаларининг ўлдириши, улкан салтанатга қарашли бўлган чексиз ҳудудларнинг тўрт томонидаги келишмовчиликлар каби далилларни келтирса-да, аммо менинг ҳам кичик хулосам борлигини айтсам зарар қилмас, деб ўйлайман.
Кейинги манзил ўша, сарой айвонларидан мавжланиб кўриниб турган денгиз – Босфор бўғозида кемада сайр қилиш эди. Мармар денгизи билан Қора денгиз қўшиладиган, Европа ҳамда Кичик Осиёни боғлайдиган, ҳар қандай сурату, видеотасвирлар бу чиройни акс эттиролмайдиган Босфор бўғози табиат ва инсон қўли таъсирида (денгиз атрофидаги турли мазмун ва шаклдаги иншоотлар) яратилган гўзал манзара.
Муҳаббат водийси
Дарвоқе, ростдан ҳам кейинги борадиган манзилларимиз Туркиянинг нақадар ранг-баранг ва кишини лол қолдирадиган тарихий манзиллари борлигини кўрсатди. Истамбулдан Анқарага тахминан уч соатлар давомида автобусда боришга тўғри келди. Султонлар бошқаруви сусайиб, бутун дунёда таҳликали даврлар бошланган бир пайтда Мустафо Камол Ота Туркнинг ҳокимиятга келиши бу халқнинг яна бир улкан омади бўлди, десак янглишмаймиз. Анқара, Туркиянинг пойтахтида бу инсон шарафига қурилган улкан мажмуа тўлиқ бу шахс ҳақида маълумот беради. Давлат аҳамиятига молик бўлган мажмуада туркларнинг буюк йўлбошчиси яшаган даврга оид суратлар, ҳужжатлар, ишлатилган буюмлар сақланадиган улкан музей ва дахмаси мавжуд. Бу ерни эртаю кеч қўриқлайдиган аскарлар тўғридан-тўғри мамлакат ҳукумати қошидаги хизматга тегишли. Атрофни айлангунингизча турк гимнининг янграши, одамларнинг ўз байроғини кўтариб бу ерда сайр этишлари кишига ўзгача завқ беради.
Кейинги тарихий манзил – Каппадокияга автобусда 8 соат юришга тўғри келди. Йўл-йўлакай ям-яшил ўрмонлар, ниҳоятда баланд тоғликларни томоша қилиб кетганимиз учун, йўл қийинчилиги ҳам унчалик сезилгани йўқ. Йўловчиларнинг ҳордиқ ва бошқа эҳтиёжлар учун тўхталадиган ҳар бир ҳудуддаги тозалик, эътиборлилик кўзга ташланади. Айтиш керак: энг чекка ҳудуддаги ҳожатхона ҳам шаҳар марказидагидай топ-тоза.
Каппадокия (юнон тилидан ажойиб арғимоқлар мамлакати маъносини англатади) атамаси ҳали антик даврлардаёқ пайдо бўлиб, ҳозирга қадар қўлланиб келинмоқда. Каппадокия тарихи анчайин узоқ даврни ўз ичига олади. Эрамиздан аввалги XVIII асрда бу ерда хеттлар истиқомат қилгани маълум. Кейинроқ мидияликлар, форслар ва шунингдек, македонияликларга тегишли бўлган. Эрамиздан аввалги I асрга келиб Каппадокия Рим империясининг бир қисмига айланади. XI асрга келиб эса мазкур ҳудудга салжуқийлар жойлашади, кейинчалик оттоманлар келади.
Шу тариқа бугун Туркия таркибига кирадиган мазкур ўзига хос ҳудуд 60 миллион йил аввал Эржиес, Ҳасан тоғи ва Гуллу тоғларидаги юмшоқ лава ва кул қатламлари узоқ вақт давомида шамол ва ёмғир таъсирида эрозиялангани таъсирида ташкил топган. Ушбу ҳудудлардаги қоялар, тоғлар шунинг учун бошқа тоғлардан фарқ қилади, у туф деб аталадиган бирикмадан яратилган. Шунинг учун унинг ичини ковлаб, бемалол одам яшайдиган манзилгоҳлар яратиш мумкин.
Шунинг учун Каппадокия ўзининг ер ости шаҳарлари билан машҳур. Ушбу шаҳарлар кўп асрлар олдин яратилган бўлиб, ҳудуд аҳолиси томонидан душманлар ва ноқулай об-ҳаво шароитларидан ҳимояланиш учун фойдаланилган. Бу шаҳарларнинг баъзилари, масалан, Деринкую ғор шаҳри 10 дан ортиқ даражага (яъни қаватга) эга бўлиб, минглаб одамларни сиғдира олади. Бу ерости уйчаларни кириб кўраркансиз ўзлигини ҳимоя қилиш учун одамлар қандай мураккаб яшаш йўлларини топмайдилара, деган хаёлга борасиз.
Шунингдек, Каппадокиянинг ўзига хос тоғлик ҳудудларида X-XII асрларда, минтақада насроний цивилизациясиянинг маркази бўлган даврларда қурилган қатор монастир ва черковлар сақланиб қолинган. Бу ибодатхоналарнинг баъзилари, масалан Гореме ёки Зелве ибодатхонаси қояларга ўйилган ва ўрта асрларга оид фрескалар билан безатилган.
Таркиби туф бўлган қояларда бугун ҳам қаҳвахоналар ишлаб турибди. Қоя ичида беш қаватли қаҳвахонага кириб, ўзингизни қандай ҳис қилишингиз саломатлигингизга ҳам бевосита боғлиқ. Чунки юрагида, нафас олиш тизимида муаммолари бор инсонлар бу ерда кўп қолишолмади. Турклар ҳудуддан туризм мақсадида жуда унумли фойдаланган. Улкан ҳаво шарларининг учирилиши бу ернинг манзарасига алоҳида шукуҳ беради. Ўзига хос қоялардан иборат даралардан бирига “Муҳаббат водийси” деб ном берилиши, бу ҳудуднинг шунга мутаносиб безалиши, айнан тонг ёришиши арафасида бу ерда ранг баранг ҳаво шарларининг учирилиши, нафақат ёшларни, балки ёши улуғ сайёҳларни ҳам мафтун этаётганига гувоҳ бўлдим.
Памукқалъа – пахтадай тоғлар, кўҳна Иераполис
Памукқалъа – пахтадай момиқ қалъа маъносини англатиб, ростдан ҳам оппоқ тоғлари, бебаҳо тарихи, кейинги йилларда эса курорт типидаги масканлари билан ҳам машҳур бўлмоқда.
Памукқалъа Туркиядаги геотермал булоқларга эга бўлган ҳудуд бўлиб, дунёнинг ҳеч бир жойида ўхшаши йўқ. Ноёб булоқлар, ажойиб табиий диққатга сазовор жойлар мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмида, Денизли шаҳридан 20 километр узоқликда жойлашган. Қадим замонлардан бери маълум бўлган 17 минерал булоқлар мажмуаси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига кирилган ва текисликдан 100 метр баландликда кўтарилган қадимги вулқон платосининг четини ифодалайди.
Булоқлар, улардан ажралаётган маъданлар эвазига оппоқ травертин билан қопланган тоғли ҳудудни 4 минг йил олдин ташкил топган Иераполис шаҳридан қисқа масофа ажратиб туради. Мазкур қадимий шаҳар қолдиқлари ҳудудида 15 минг кишини сиғдира оладиган, антик даврга тегишли амфитеатр, 206 йилда қурилган Апполон ибодахонаси, IV асрда қурилган Авлиё Филипп черкови ҳам шу ерда жойлашган.
Тўйлар дастурхонсиз ўтади
Туркияда инсон қадри алоҳида эъзозланиши кишини ҳайратга солади. Билими, иқтидори бор инсон бу ерда алоҳида эъзозланиши ҳақида эшитдик.
Сайрбонимиз, Иброҳим оға бир фикрни алоҳида таъкидлаб ўтди: “Амир Темур шахси Туркия аҳолисининг алоҳида ҳурматида. Бу ҳақда кўп гапиргандан кўра, битта мисол келтирай. Турклар орасида Темур исмли йигитлар кўп, аммо Боязид исмини деярли учратмайсиз”. Ҳа, тарихга ҳам, мавжуд вазиятга реал баҳо бериш, бизнинг ўтмишдошимиз дея камчиликларни ёпишга ҳаракат йўқ эканлигини англадик.
Жониворларга алоҳида меҳрни кўриш мумкин. Туркиянинг кўплаб кўчаларида қорни тўқ мушук ва итлар бемалол юришади.
Туркиядагилар сериаллардагидек фақат чой ичиб, паҳлава, роҳат лукум еб ўтирмайди. Бу ширинликларни улар ҳам асосан маросимларда истеъмол қилишаркан.
Тўйлари мен учун алоҳида мавзу бўлди. Бу ерда аллақачон таомли, яъни дастурхонли тўйлар қилишмас экан. Одамлар ўз ихтиёри билан бундай тўйлардан воз кечган. Ундан кўра тўйларида асосан мусиқа ва ичимликларга пул сарфланади, меҳмонлар ҳам рақсга тушиб, суҳбат қуриб, вақтини мазмунли ўтказиб кетишади. Табиийки, бу ушбу давлатда яшайдиган 60 фоиз ўртаҳол аҳолига тегишли. Бадавлат қатлам истаса дастурхонли, истаса, Мальдив оролларида ҳашамат билан тўй ўтказади. Бунга ҳам ҳеч қандай таъқиқ йўқ.
Тўғриси, мазкур битикларим Туркияда кўрганларимнинг ўндан бири, десам муболаға бўлмайди. Соҳил бўйлаб сайр гаштию, гўзал Анталиянинг ўзига хос табиати, у ердаги Ўрта ер денгизи мавжларию, қадим тарихи, турли шоурумлар, яъни мамлакатнинг озиқ-овқат ҳамда текстил, саноатини намойиш этувчи кўргазмалар (гарчи сайёҳларни нисбатан қиммат маҳсулотлар сотиладиган жойларга олиб боришган бўлса-да) аммо барчаси ўзига хос, бетакрорлиги билан ажралиб туради.
Йўловчиларнинг биронтаси сарфлаган пулига ачинмади, аксинча, яна олиб келиш керак, деган фикрга ҳам борганлари бўлди. Дарвоқе, Ўзбекистондан бундай саёҳат учун 1100 АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган бўлса (нархлар сентябрь ойи учун), Қирғизистон, қозоғистонлик ҳамсаёҳатчиларимиз шу тур учун қарийб 900 доллар пул сарфлаганини айтишди.
Ҳа, айтганча, қайтишда, Тошкентга Анқарадан, Turkish Airlines хизматидан фойдаланган ҳолда қайтдик. Аэропортда анча вақт қолиб кетганимиз учун Ўзбекистон ҳаво йўллариники сингари таомланамиз, деб умид қилгандик. Чучварани хом санабмиз, совуққина булочка ва бир стакан қаҳва билан кифояландик.
Қиёс эмас...
Хабарингиз бор, яқинда Самарқандда Бутунжаҳон туризм ташкилотининг 25-сессияси юқори даражада ўтказилди. Меҳмонларнинг кутиб олинишидан тортиб, турли вилоятларнинг фольклор чиқишлари бутун дунё туризм вакилларини ҳайратга солгани аниқ. Шу ўринда баъзи таққосларни айтиб ўтмоқчиман. Тўғри, Туркия дунё миқёсида туристлар энг кўп келадиган давлатлар сирасига киради. Лекин! Туркияда юқорида таъкидлаганимдай, шунчалик кўп табиий имкониятлар мавжудки, бу имкониятлар билан туризмни юқори даражага чиқармаслик ҳам уят, аслида. Мазкур мамлакатга келган сайёҳ улкан тарих билан танишади, дунёда муқобили ягона бўлган жойлар, бир эмас, учта денгиз билан юзлашади. Бизда бундай ноёб имкониятлар йўқ, аммо шундай бўлишига қарамай, сайёҳлар оқимининг кўпаяётгани кишига таскин беради.
Мамлакатимиз, хусусан, Самарқандда шу йилнинг ўзида туристларнинг ўртача қолиш куни 2,7 кунни ва уларнинг 1 кунлик харажати 85-250 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Шу йил якунига қадар 2,1 миллион нафар хорижий сайёҳ жалб этилиб, туризм хизматлар экспорти 312 миллион АҚШ долларига етказилиши режалаштирилган. Фақатгина тарихий обидаларимиз билангина сайёҳларни шунчалик жалб қилиш соҳада катта ислоҳотлар амалга оширилаётганини англатади.
Сирасини айтганда, Регистон майдони, очиқ осмон остидаги музей – мўъжизавий Хива, маърифат маскани Бухоро ва бошқа кўплаб тарихий ҳудудларимиз ростдан ҳам бир келиб, кўриб кетишга арзийдиган жойлар. Афсуски, кўпчилигимиз (Туркияга бирга саёҳат қилган ҳамюртларимиз орасида ҳам) буни ҳануз англамаганлиги кишига алам қилади. Туризм соҳасида амалга оширилмаган ишлардан эмас, кўпроқ турклар сингари ўзимизнинг ватанпарвар эмаслигимиздан, ўз тарихимизни етарлича билмаслигимизу, уни ўрганишга қизиқмаслигимиздан ўкиндим.
Гулруҳ МЎМИНОВА.
Самарқанд-Истамбул-Анқара-Самарқанд.