Турмуш чорраҳаларида: Қайнона

Ноила бу хонадонга келин бўлиб тушганида бунчалик хўрланаман, деб ўйламаганди. Қайнонаси уни ўғлим билан бахтли бўлсин, қўша қарисин деб эмас, молу дунёга очкўзлигини қондириш учун восита сифатида келин қилганини англади.

- Келин, қаердасиз?

- Лаббай, аяжон! - Ноила қўлидаги супургини ташлаб югуриб келиб, қўл қовуштириб турди.

- Хабарингиз бор, яқинда туғилган куним. Ота-онангизга айтинг, мана бу рўйхатда мен ёзган совғаларни олиб келишсин. Қуруқ қўл билан сўппайиб келишмасин. Меҳмонлар олдида уялиб қолмайин…

- Эна, бу нима деганингиз, туғилган кун сизникими, қанақа совға истасангиз, мана, мен олиб бераман. Қудаларингиз сизни талабингизни бажарамиз, деб қулоқларигача қарзга ботишган, сал уялсангиз бўларди! - ишга отланаётган Қодир хижолат тортиб, онасига қаради.

- Сен жим бўл, бир ҳафта бўлмасдан хотинчангни тарафини олиб қолибсанми? Сенга алоҳида буюртма бор, кейин айтаман, -Ҳосият буви йелпиғич билан йелпиниб, қўлидаги рўйхатни Ноилага узатди. - Олинг, нега қоққан қозиқдай қаққайиб қолдингиз?

Ноила карахт бўлиб қолди. Қайнонаси рўйхат қилиб берган совғалар озмунча пул турадими, бечора ота-онаси қаердан топади?

- Ҳа, айтгандай, кир ювиш машинасини ҳам ёддан чиқаришмасин.

- Эна, кир ювиш машинаси бор-ку! - деди Қодир.

- У эскирган, янги чиққанидан олиб келишсин…

Кечқурун ишдан қайтган Қодир Ноиланинг афтига қараб эзилиб кетди:

- Чарчадингми? Рўйхатни етказдингми?

- Қодир ака, қандоқ қилиб айтаман. Яқиндагина онангиз совутгич олдирганди. Энди эса совға, кир ювиш машинаси. Отам бечора мени ўйлаб, ғинг демаяпти. Ахир инсоф борми, аянгизда?

- Нима, сен ҳали мени энамга тил теккизябсанми? У менинг онам, билдингми? Чидасанг шу! Чидамасанг, ана, эшик очиқ.

Қодир қўлидаги сочиқни зарда билан улоқтириб, нариги хонага чиқиб кетди…

- Отаси, энди нима қиламиз?

- Ҳа, яна нима бўлди? - ишдан чарчаб келган Қобил ака уф тортиб, кўзлари ёшланган хотинига қаради.

- Қизингиз Ноила қўнғироқ қилди. Бечора бола адои-тамом бўлди. Нафси ўпқон қайнонасининг жиғилдонини тўлдираман, деб юзи шувит, ҳаммасига ўзини айбдор деб эзилади. Нима бўлса ҳам оиласи бузилмасин, деб ялмоғиз қайнонасини бошимизга чиқариб юбордикми, дейман?! Қачон кўзи тўяр экан бу кампирни. Кўнгли қолмасин, деб бўғзимизгача қарзга ботдик. Яқинда кредитга куёвга машина олиб бердик. Энди эса қизимиз оғир аҳволда шифохонада ётганмиш. Шифокорлар “тез ёрдам”да олиб кетишибди. Ҳомиласи нобуд бўлибди. На қайнонаси, на эри хабар олибди. Ота-онаси даволатишсин дебди.

- Кўрнамаклар! - Қодир ака тутоқиб кетди. Қандай қилиб, ёлғиз қизимизни жаҳаннам азобига ташладик-а?

- Юр, тез хабар олайлик.

- Қизим, ўлим билан олишиб, бир ой касалхонада ётдинг. Қайнонанг сени одам ўрнида кўрмади. Энди бормайсан, онанг билан яшайсан. - Қобул ака ранги сўлғин қизинининг бошини силади. -Дўхтирлар жавоб беришди, юр кетамиз…

Ҳосият буви Ноила касалликка чалингач, Қодирни бошқа қизга уйлантирди. Тонг ёришганда уйғониб, ташқарига чиқди. Ҳаммаёқ жим-жит. Одатда бу пайтда Ноила ҳовлини супуриб, нонушта тайёрлаб, хонтахта устига дастурхон ёзиб қўярди. "Янгида ҳали, майли, бугунча дам олсин". Лекин эртаси ҳам, ундан кейин ҳам янги келин тонгда туриш, уй ишларига унашни хаёлига келтирмасди. Қодир ишга кечикмаслиги учун нонуштасиз кетадиган бўлди. Уй-рўзғор ишлари, овқат қилиш, супуриш-сидириш кампирнинг ўзига қолди. "Ҳа, шошма, ойимқиз, совунимга кир ювмабсан". Ҳосият буви келининг ётоғи эшигини таққиллатди:

- Ҳой, келин, туринг, тонг ёришиб кетди. Ҳовли-жойни супуриб, нонушта тайёрланг. Чиллангиз чиққандир.

Эшик очилиб, остонада янги келин кўринди. Ширин уйқусини бузган қайнонадан унинг жаҳли чиққанди. Қодир аллақачон уйғониб ишга кетганди.

- Ҳой кампир, ўзингиздан ўзингиз нима деб валдираяпсиз? Мен сизга чўриманми, уйқунинг ҳам белига тепдингиз! - у қарс этиб эшикни ёпиб, ётоққа кириб кетди.

Қайнонанинг бошидан бир челак қайноқ сув қуйгандек, нафаси ичига тушиб, жойида қотиб қолди: "Эй худо, қандай кунларга қолдим-а, қандай келиним бор эди-я? Нафс балосига йўлиққан молпараст қайнонагни кечир, Ноила”!

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.