Туяқуш гўшти қандли диабет, саратон, ОИТС каби касалликларни енгишда иммун тизимини яхшилайди
Туяқуш боқиш энг даромадли соҳалардан бири. Унинг пати, териси, гўшти, тирноғи, ички ёғи ва ҳаттоки оёғининг терисидан ҳам турли маҳсулотлар, хусусан, аёллар сумкаси, ҳамён, пойабзаллар ишлаб чиқариш мумкин.
Туяқушнинг терисидан тайёрланган, яхши ишлов берилган маҳсулот 30 йил давомида ўзининг жилвакорлигини, сифатини йўқотмайди.
Туяқуш 70 йилгача умр кўради. 40 йил тухум қўйиб, насл беради. 12-14 ойда гўшти, териси, умуман, ҳар бир аъзосидан керакли маҳсулот тайёрлаш мумкин. Туяқушнинг гўшти мазали бўлиб, кўпгина касалликларга малҳам. Масалан, қандли диабет, саратон, ОИТС каби касалликларни енгишда иммун тизимини яхшилайди.
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида бўлиб ўтган “Ёшлар қишлоқ хўжалик инновацион тадбиркорлик йўлида” мавзусидаги кўргазмали семинарда шулар хусусида сўз борди.
Унда Тошкент шаҳридаги “STRAUS HOUSE” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Иброҳим Исроилов туяқуш боқиш сирлари, унинг маҳсулотларига бўлган талаб, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва даромад манбаи ҳақида маълумот берди.
– Ҳамкасбларим билан биргаликда чорва ва паррандачилик соҳасини чуқур ўргандик, – дейди И.Исроилов. – Бугунги кунда энг сердаромад бўлган туяқушни танлаб, юртимизда етиштириб, ундан олинадиган маҳсулотларни 10 та давлатга экспорт қилиш имкониятига эга бўлдик. Айни вақтда корхонамизда 100 га яқин ёшларнинг бандлиги таъминланган. 2020 йилнинг бошларида мингга яқин ёшларни ўз сафимизга қўшиш ниятидамиз.
Тадбир доирасида иштирокчилар туяқуш терисидан тайёрланган маҳсулотларни кўздан кечирди, унинг сифатига баҳо берди. Масалан, туяқуш терисидан хорижда тайёрланган сумканинг баҳоси 1700 доллар экан.
Фақат бизда жаҳон бозорига чиқиш учун сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган технологиялар мавжуд эмас. Келгусида юртимизда хомашёни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар қуриш режалаштирилган.
Шунингдек, “Аграр соҳа ривожига менинг ҳиссам” шиори остида туяқушчилик ва паррандачилик кўргазмаси ташкил этилди.
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.