Уч вазир Қонунчилик палатасида ахборот берадиган бўлди

Парламент қуйи палатасининг бугун ўтказилган мажлисида халқ вакиллари томонидан бир қатор вазирликларнинг ахборотини эшитиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Бу ҳақда “Биз Адолат тарафдоримиз” телеграм канали маълум қилди.

Қарорга мувофиқ, Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусановнинг «2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмасининг жорий йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси Б.Бегаловнинг «Ўзбекистонда статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги, ишончлилиги ва очиқлигини таъминлаш масалалари тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Шерматовнинг «Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда ҳуқуқий билимларга доир ўқув машғулотларининг кўламини янада кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотлари эшитилади.

Шунингдек, мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.