Умумжаҳон Армия ўйинлари совриндорлари СамВМИ талабалари билан учрашди

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Юрт тинчлиги, Ватан равнақи – олий неъмат” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Унда талабалар, институт мутасаддилари ва ҳарбийлар иштирок этишди. Марказий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисм сержантлари юртимизнинг мудофаа қудрати ва ҳарбий салоҳияти хусусида маълумот беришди.

- Аскарларимиз орасида Умумжаҳон Армия ўйинларида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритган ва Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳиятини дунёга намойиш этган йигитлар бор, - деди 2908-ҳарбий қисм командири Улуғбек Инъомжонов. - Ҳалқимиз, Президентимиз ҳамиша уларга суянади, биз ҳам улар билан фахрланамиз. Айни пайтда мамлакатимиз Қуролли Кучлари нуфуз жиҳатдан Марказий Осиёда биринчи, дунёда 38-ўринни эгаллайди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар ватанпарварликка ундовчи мусиқа садолари остида ўзларининг ҳарбий маҳоратларини намойиш этишди.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.