Ургутда вилоят ИИБ раҳбари ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди 

Ургут туманидаги 154-умумтаълим мактабида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи — 3-сектор раҳбари Раҳмат Маматов ва ёшлар иштирокида учрашув доирасида махсус ҳарбий техникалар, ҳунармандчилик ва расмлар кўргазмаси, спорт мусобақалари, китоб тақдимоти ва театрлаштирилган томошалар ўрин олди.

"Учрашув давомида пробация назоратида турган 5 нафар шахснинг доимий иш билан бандлиги таъминланди, 5 нафар ёшларга ID-карталари топширилди. Интизор Абдусатторовага Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат берилди.

Шунингдек, Динара Худойназарова ички ишлар йўналишида таҳсил олиш истаги борлигини билдирган бўлса, Райҳона Хурсанова тикувчилик фаолиятини бошлаши учун кредит ажратишда, СамДУ талабаларидан бири эса тўлов-шартнома пулини тўлашда амалий ёрдам беришни сўради. Мурожаат ва таклифлар ижроси назоратга олинди. 

Тадбир давомида ёшлар тумандаги "Ургут" эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарида бўлди, бошқарма бошлиғи ёшларга бадиий китоблар жамланмаси туҳфа этди.

Учрашув сўнгида ёшлар томонидан тайёрланган спектакль намойиш этилди", дея хабар бермоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.