Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ухламайди ва қаримайди. Яков Циперович, у ким?

Бугун сизни ҳақиқий феномен ҳисобланадиган инсон билан таништирмоқчимиз. Кўпчилик бу воқеани эшитган бўлиши мумкин, негаки у 1979 йилда жамоатчиликни ҳайратга қолдирган.

Қиссанинг бошланиши ҳам оддий эмас. Минск шаҳрида яшовчи Яков 26 ёшида рашкчи хотини томонидан заҳарланган. У касалхонага олиб келинганида клиник ўлим ҳолатида эди. Айнан шу ерда мўъжизалар бошланди. Гап шундаки, бу ҳолатда у бир соат атрофида бўлди ва шунинг ўзи феноменал ҳодиса, чунки инсон мияси қобиғининг ҳужайралари юрак тўхтаганидан 3-5 дақиқа ўтгач ҳалок бўлади. Бундан ҳам катта ғалатиликлар бир ҳафта ўтгач, Яков ўзига келганида бошланди. У бутунлай бошқа шахс сифатида уйғонди ва ўз номини жаҳон тарихига абадий ёзиб қолдирди.

Яков ухлаш қобилиятини йўқотди

Ҳа, сиз тўғри тушундингиз. Оддий одам учун жуда зарур бўлган уйқу Яков учун мутлақо фойдасиз бўлиб қолди. Қизиғи шундаки, дастлабки ойларда у ҳатто горизонтал ҳолатни ҳам эгаллай олмай қолди, у ёнбошлаб ётишга ҳаракат қилиши биланоқ, кўринмас бир куч уни ётоқдан туртиб юборарди.

Даҳшат ва ваҳимага тушган Яков бу ҳолатга ўрганиб олгунча бир неча йил ўтди. Кейин у тананинг бундай хусусияти билан яшаш мумкинлигини тушуниб етишга муваффақ бўлди: у кўп китоб ўқишни, шеър ёзишни ва тунда юришни бошлади.

Энг яхши шифокорлар кўриги ҳам унинг аҳволини аниқлашга ёрдам бермади. Барча текширувлар тананинг нормал ҳолатда эканлигини кўрсатди. Фақат 33 дан 35 даража оралиғида ўзгариб турган тана ҳарорати ягона оғиш эди.

1995 йилда Яков йога билан шуғулланиб, ўз-ўзини мушоҳада қила бошлади, бу унга ухламасдан дам олиш имконини берди. Ўзида шеърият ва фалсафа истеъдодларни кашф этди, шунингдек у одамларнинг ҳис-туйғуларини ҳам ҳис эта бошлади.

Умуман олганда, Яков ўз ҳаётини йўлга солиб олди, у уйланди, ўғилли бўлди. Оиласи билан Германияга кўчиб ўтди, у ерда ҳаётининг тинч, уйғун даврни бошлади. Яковнинг таъкидлашича, унинг ҳаёти оддий одамнинг ҳаётидан унчалик фарқ қилмайди. Фақат тунда ухлаш ўрнига у кўп ўқийди, шеър ёзиб, мулоҳаза қилади.

Ҳозир Яков 68 ёшда, эътибор беринг-а, у қаримайди, қандай ажойиб шундай эмасми? Шифокорлар ва олимлар ҳалигача бу жумбоқ сирини оча олмайди. Вақт ўтиши билан унга бўлган қизиқиш сўна бошлади, афтидан фан юлдузлари бу “бошқача” одамни тезроқ унутишга ҳаракат қилган. Бизнинг қаҳрамонимиз эса бундан хурсанд, чунки ортиқча эътибор унга ёқмайди, ахир у тўғрисида доимий равишда оммавий ахборот воситаларида муҳокамалар бўлар, ҳужжатли фильмлар суратга олинганди-да.

Яков энди деярли унутилиб, тинч ҳаёт кечиришга муваффақ бўлди. Олимларнинг бу ҳодисани очишга ҳаракат қилмаётгани ғалати туюлмоқда. Шундай эмасми?

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.