Уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолиятидан аҳоли розими?

“Юксалиш” ҳаракати вилоят бўлинмаси ташаббуси билан Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи ва Тойлоқ туманларидаги уй-жой мулкдорлар ширкатлари ва бошқарув сервис компаниялари фаолияти Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят жамоатчилик гуруҳи, Ўзбекистон ННТлар миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан мониторинг қилинди.

Ўрганиш жараёнида кўп квартирали уй-жойлардаги коммунал хизматлар, фуқароларга яратилган шарт-шароит кўздан кечирилиб, қатор камчиликлар аниқланди. 

Ижтимоий тармоқларда Пахтачи тумани Истиқлол маҳалласида жойлашган 20-кўп қаватли уйда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ўзлари истиқомат қилаётган уйда ичимлик суви муаммо эканлигини баён қилганди. Жамоатчилик гуруҳи аҳоли билан учрашиб, муаммони ўрганди. 

Маълум бўлишича, фойдаланишга топширилганига эндигина 3 йил бўлган уйда яшовчилар тоза ичимлик суви етишмовчилигидан азият чекмоқда. Қурувчи томонидан уйнинг ертўласига 1 тонналик сув сиғими ўрнатилган, аммо бу сув 20 хўжалик учун бир соатга ҳам етмайди. Хонадонлар эгалари ушбу муаммони айтиб, тумандаги бормаган ёки мурожаат қилмаган ташкилоти қолмаган. Ҳатто ўзлари пул йиғиб, қўшимча 1 тонналик сув баки ўрнатишган. Бироқ бу идишлар музлаб, ёрилиб кетмоқда. Камига туман сув таъминоти томонидан белгиланган график асосида бериладиган сув ҳам соат 18.00 дан бошлаб ўчириб қўйилмоқда. Оқибатда 20 та хонадон бутунлай сувсиз қоляпти.

Ўрганишларда мазкур кўп қаватли уйда яшовчилар ҳудуддаги “Зиёвуддин Самтехком хизмати” МЧЖ уй-жой мулкдорлар ширкатига аъзо бўлмагани маълум бўлди. Чунки ширкатдагилар қурувчиларнинг чала ишлари кўплиги сабабли камчиликларни тузатишни ўз зиммасига олишни хоҳламаяпти. 

Каттақўрғон шаҳри Чинобод маҳалласида 2021 йилда “Agromir Buildings” қурилиш компанияси томонидан қурилган 6 та кўп қаватли хонадонларда ҳам аҳвол яхши эмас. Жумладан, 94, 95, 96-кўп қаватли уйларнинг атрофи чиқиндига тўлган, юриш йўлакларидаги қопламалар ёрилган, бино эшиги таъмирталаб аҳволда, ҳовлидаги кафеллар чўкиб кетган. Чиқинди қутилари синдирилган. Лифтларнинг фақат биттаси ишлайди. Юқори қаватда истиқомат қилувчилар уйларига шкаф, диван ва бошқа жиҳозларни олиб чиқишнинг имкони йўқ. Ободончилик ишларига жавобгар “Сити Смарт” бошқарув сервис компанияси ишчиларининг эътиборсизлиги туфайли ҳовлидаги ёритиш чироқлари ёнмайди. Ҳатто уй деворлари ёрилган. 

Тойлоқ туманидаги 6 та 9 қаватли уй-жойнинг фойдаланишга топширилганига 3 йилдан ошиб қолди. “Янги Тойлоқ бошқарув сервис” МЧЖГА қарашли уйлар атрофидаги ҳудудда санитарияга зид ҳолат кўзга ташланади. Ўтган йиллар ичида уйларни ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларига маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан бирор марта маблағ ажратилмаган. Уйларни бунёд қилган “Agromir Buildings” қурилиш компанияси томонидан ҳам 2 йиллик кафолат талаблари бажарилмаган. 

Шунингдек, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож 30 та оилага мажбурий бадални тўлаб бериш учун туман ҳокимлигига талабнома киритилганлигига қарамай “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” жамғармалари ҳисобидан субсидия маблағлари ажратилмаган. Бошқарув сервис компанияси томонидан ҳозиргача фақат қўшимча жиҳозлар учунгина маблағ ажратилган, холос. 

Янги уйлар атрофида ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари қониқарсиз аҳволда, суғориш тизимлари ишламайди.

Жамоатчилик ўрганишлари якунлари бўйича “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да рўйхатга олинган оилаларга маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан мажбурий бадални тўлаб бериш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтирган ҳолда мазкур ҳудудларда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик объектлари, жумладан, савдо дўконларидан тушаётган солиқларни ҳудудларни ободонлаштириш ва тозалаш ишларини олиб бораётган бошқарув сервис компаниялари ва ширкатларга сарфланишини таъминлаш юзасидан ҳуқуқий асос ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. 

Шунингдек, масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларида кўриб чиқиш тавсия этилди. 

 Элёр Ҳамроев, 

“Юксалиш” ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари, вилоят Кенгаши депутати.