“Уйингда ҳеч нарса йўқ эканда-а?”

Машҳур бешиксоз ҳунарманди Содирбешик оиласининг “янги меҳмони” - невараси Ашрафжоннинг ақиқа тўйини ўтказяпти. Меҳмонхонасида эллик-олтмиш чоғли қўни-қўшни йиғилган. Расм-русумларга кўра, имом Исломхўжа домла Содирбешикнинг ўтиб кетган ота-онаси, қавм-қариндоши руҳига тиловат қилиб, яқинда туғилган неварага узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб дуолар қилди. Имомнинг маърузасини жимгина тинглаб бўлган меҳмонлар одоб сақлаган ҳолда ёнларида ўтирган шериклари билан секин суҳбатга киришди...
Ўртада ўтириб, ҳеч кимга гап бермай жавраётган Ҳайдар лўтти барчани ўзига қаратиб:
- Меҳмонжонлар, мана бу дастурхон устидаги ноз-неъматларнинг барчаси сизларга мунтазир, марҳамат, тановул қилиб ўтиринг. Дарвоқе, уйингизда йўқ нарсалардан олингизлар, - деди ва қўлларини оркестр дирижёри каби ҳар томонга узатган ҳолда икки лунжини тўлдириб, дастурхонга тортилган неъматлардан истеъмол қила бошлади.
Ҳайдар лўттининг бу қилиғидан даврада ўтирган Исмоил бобонинг хуноби ошди:
- Эй, Ҳайдар лўтти! Ҳозиргина “уйингизда йўқ ноз-неъматлардан еб ўтиринг”, деб турувдинг. Хатти-ҳаракатларингдан маълум бўлдики, сенинг уйингда ҳеч нарса йўқ эканда-а?
Бобонинг зардали киноясидан мулзам бўлган Ҳайдар лўттининг қовоғи осилди, ҳовлини эса даврадагиларнинг қаҳ-қаҳаси тутди.
Олимжон ҒАФУРОВ.