Ватанга содиқ ёшлар ёки икки кунлик ҳарбий ҳаёт
Вилоятимизда ҳарбий ватанпарварлик ўқув-йиғинлари ўтказилмоқда
Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берган вазифалари ижроси доирасида вилоятда “Ватанга содиқ ёшлар” ҳарбий ватанпарварлик ўқув-йиғини бошланди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоятдаги бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш марказида унинг илк иштирокчиларига сертификатлар топширилди.
— Йиғиннинг биринчи навбатида Самарқанд шаҳрининг 1-секторидан 100 нафар ёш иштирок этди, - дейди ўқув-йиғини бошлиғи, полковник Алишер Тешабоев. – Улар икки кун давомида марказимизда яшаб, махсус ўқув дастури бўйича ўқитилди. Жараёнда маънавий-маърифий дарслардан ташқари, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш, қутқарув тадбирларини олиб бориш, ҳарбий ва қутқарув техникаларидан фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди. Қисқа муддатга бўлса-да, ёшлар ўзларини ҳарбийлар билан бир жамоада ҳис қилишди. Бу уларнинг кейинги ҳаётида ижобий таъсир кўрсатади, албатта.
— Ўтган йилнинг ёз ойлари эди, маҳалламиздаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлди, - дейди йиғин қатнашчиси Т.Мухторов. – Дўстларим билан воқеа жойига биринчи етиб бориб, уй ичида қулфланиб қолган болаларни қутқаришга эришдик. Шунда қутқарувчилик жуда хавфли ва қийин касблигини билдим. Ўқув-йиғинида унга бўлган меҳрим янада ортди. Марказда кўпроқ қолиб, кўпроқ нарса ўрганишни истардим.
Тасдиқланган режага кўра, ўқув-йиғини тадбирлари жорий йилнинг март-сентябрь ойлари давомида ўтказилади. Унда вилоятимизда истиқомат қилувчи 5100 нафар профилактик ҳисобда турувчи ва тарбияси оғир ёшлар қамраб олиниши белгиланган.