Вазият мураккаб: 24 май куни коронавирусга чалинган 49 беморнинг 36 нафари аҳоли орасидан аниқланган
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот берди:
– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 3180 нафарга етди. Улардан 2565 нафари, яъни 81 фоизи тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, ҳозирда мамлакат шифохоналарида 602 бемор даволанмоқда, 3 нафарининг аҳволи оғир.
Карантин тадбирлари давом этяпти. 44 мингдан кўпроқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Уларнинг 18 мингдан зиёди стационар шароитдаги карантин тадбирлари билан қамраб олинган.
Коронавирус билан боғлиқ вазият бир мунча мураккаб бўлиб турибди. Кеча қайд этилган 49 беморнинг 36 нафари аҳоли орасидан аниқланган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ушбу фуқаролар орамизда юрган ҳамюртларимиз бўлган. Бундан кўриниб турибдики, атрофимизда коронавирус инфекциялари мавжуд бўлиши ҳеч гап эмас. Кўчага чиқишдан олдин жиддий ўйлаб кўринг, карантин тадбирларига риоя қилинг. Акс ҳолда касалликни юқтириб олишингиз ва оила аъзоларингизга хавф туғдиришингиз мумкин. Ҳар бирингиз масъулиятни тўлиқ ҳис этинг. Мабодо, вазият бу кетишда давом этадиган бўлса, карантин тадбирлари янада мураккаблашиб кетиши тайин. Буни зинҳор унутманг!