Вилоят ҳокими афв этилганлардан ҳол сўради

Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокими Э.Турдимов Президентимизнинг жорий йил 21 майдаги фармонига асосан афв этилиб, жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиқарилган самарқандлик фуқаролар билан суҳбатлашди.
Суҳбат чоғида уларнинг бугунги аҳволидан келиб чиқиб, оилавий шароитини яхшилаш бўйича тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Хусусан, Жомбой туманининг Қорамўйин маҳалласида яшовчи, жинояти учун узоқ йилга озодликдан маҳрум этилиб, ҳозирда афв этилган Т.Носировнинг бандлигини таъминлаш, моддий ёрдам ажратиш ҳамда ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида охирги бир йиллик ўқишини тиклаш учун кўмак бериладиган бўлди.
Жазони ижро этиш муассасасидан озодликка чиқарилган Ургут туманининг Қоратепа қишлоғида яшовчи фуқаро Я.Алиқуловга 6 миллион 600 минг сўм субсидия бериш орқали ҳовлисида иссиқхона ташкил этиш учун мутасаддиларга вазифа юкланди.
Ургут туманининг Тошариқ маҳалласида яшаётган Иззат Бобомуродов ҳам вилоят раҳбаридан ўзи яшаб турган 10 сотих ҳовлисида иссиқхона ташкил этишда ёрдам сўради. Унга ҳам тегишли тартибда кўмак бериладиган бўлди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов озодликка чиқарилганлар ва уларнинг оила аъзоларини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, муаммоларини ўрганиб бартараф этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.