Вилоят ҳокимини ҳам кузатишяптими?

Мамлакатимизда кейинги 5-6 йилда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, Самарқандда ҳам раҳбарларнинг ижтимоий тармоқлар орқали ўзлари олиб бораётган ишлари ва тизимдаги ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот бериш ҳамда тарғибот ишлари учун ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланиб келинмоқда.

Вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси-матбуот котиби Манучеҳр Мирзаевнинг берган маълумотларига кўра, бугунги кунда Самарқандда фаолият олиб бораётган 1523 нафар раҳбарнинг ижтимоий тармоқларда саҳифалари мавжуд. Ушбу саҳифаларга аъзоларнинг умумий сони 2 миллионга яқинни ташкил этади.

Йил якунига қадар биринчи раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини 5 мингга етказиш бўйича чоралар белгиланган.

Раҳбар кадрларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги бўйича етакчилик ва намуна сифатида вилоят раҳбарининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини мисол келтиришимиз мумкин.

Бугунги кун ҳолатида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовни Facebook, Instagram, youtube ва телеграм тармоқлари орқали 114 003 нафар обуначи кузатиб боришмоқда. Вилоят раҳбарини энг кўп FACEBOOK ижтимоий тармоғи орқали кузатиб боришмоқда. Ушбу тармоқдаги саҳифага (http://facebook.com/turdimov/) аъзолари сони 60 058, Youtubeда (https://www.youtube.com/samarkandpressservice) 23 805, Instagramда (https://www.instagram.com/e_turdimov/) 15 131 ва телеграмда (https://t.me/joinchat/AAAAAESDjh7O726kdKg2QA) 15 009 нафарни ташкил этмоқда.