Вилоят ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётининг фаол иштирокчиси, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Комилжон Тошев 60 ёшида вафот этди

К.Тошев 1960 йилда Пахтачи туманида туғилди. Дастлабки иш фаолиятини вилоятдаги 15-қурилиш трестига қарашли 129-механизациялашган кўчма колоннасида қурувчиликдан бошлади. Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг (ҳозирги Самарқанд ветеринария медицинаси институти) зоотехника факультетида таҳсил олгач, мутахассислиги бўйича Бутуниттифоқ қоракўлчилик илмий-тадқиқот институтида (ҳозирги Ўзбекистон Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти) кичик илмий ходим, сектор мудири бўлиб ишлади. Унинг кейинги меҳнат фаолияти бевосита ҳокимлик тизимида масъул вазифаларни бажариш билан кечди.
Жумладан, вилоят ҳокимлиги девонининг агросаноат масалалари бўйича бўлими етакчи мутахассиси, вилоят ҳокимининг агросаноат мажмуи масалалари бўйича биринчи ўринбосари котибияти бош мутахассиси, ҳокимлик ташкилий ишлар ва кадрлар масалалари бўйича гуруҳи етакчи мутахассиси, бош мутахассиси, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ташкилий ишлар ва кадрлар масалалари бўйича гуруҳи раҳбари, ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, вилоят ҳокими ёрдамчиси каби вазифаларда фаолият кўрсатди.
Комилжон Тошев, шунингдек, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги, аҳоли пунктларини кўркамлаштириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти бош мутахассиси, сафарбарлик тайёргарлиги бўлими бошлиғи, ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи сингари вазифаларда ташкилотчилиги ва ишчанлиги билан ажралиб турди, ўзига топширилган вазифаларга масъулият билан ёндашди.
Зоомуҳандис-қоракўлшунос, иқтисодчи олим, камтарин инсон, Комилжон Тошевнинг хотираси қалбимизда яшайди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги.