Вилоятда уч ойда фирибгарлар фуқароларнинг банк карталаридан 4 миллиард сўмдан зиёд пул ечиб олган
Самарқандда “Сyber Week” номи остидаги “Кибер маконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” доирасидаги навбатдаги тадбир Ёшлар марказида ташкил этилди.
Таъкидланишича, кибержиноят қурбони бўлаётганларнинг аксарияти ёшлардан иборат.
- Вилоятда жорий йилнинг ўтган уч ойида фирибгарлар томонидан фуқароларнинг банк картасидан 4 миллиард сўмдан зиёд пул маблағлари талон-торож қилинган, - деди Ички ишлар вазирлиги тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоев. – Алдов қурбони бўлаётганларнинг аксарияти 19-35 ёшдаги фуқаролар бўлиб, ўтган давр мобайнида улар томонидан 400 га яқин ариза келиб тушган.
Таъкидланишича, ушбу фирибгарликлар асосан қуйидаги усулларда:
- телефон қўнғироқлари орқали;
- тўлов ташкилотлари (clik ва бошқалар) орқали;
- банк ходими сифатида “смс кодни олиш” натижасида;
- ижтимоий тармоқлар орқали;
- “OLX” савдо платформасида “сотувчи” ёки “харидор” сифатида
- жабрланувчига номаълум шароитда ёрдам бериш, моддий ёрдам, онлайн кредит, ютуқли ўйин ғолиби каби сохта алдов ҳаволалар орқали;
- сохта онлайн биржа ва трейдинг орқали амалга оширилган.
Тадбир давомида ёшларни кибертаҳдидлардан сақлаш мақсадида “Энг яхши маҳалла”, “Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман”, таълим муассасаларидаги ёшлар ўртасида муаммо юзасидан “Энг яхши иншо”, “Спортли дастурлаш” каби танловларни ўтказиш ва тушунтиришлар олиб бориш кераклиги айтилди.