Халоскор бешиктерватар
Томорқада ишлаётгандим. Бир қалдирғоч келиб менинг устимдан айланиб учаверди. Безовталигини билиб, бошимни кўтардим. Аввалига ҳеч нарсага тушунмадим, бироз анграйиб тургач, миямга “Инига бирор кор-ҳол бўлдими?”, деган фикр келди. Қалдирғочнинг айвондаги уяси олдига келдим. Полапонлари ўз инида соппа-соғ турибди, аммо қуш тепамда тинимсиз айланяпти.
Разм солиб қарасам, шифтдаги болорлар орасидан чипор илон судралиб инга яқинлашяпти. Ҳолатни кўриб донг қотиб қолдим. Қалдирғоч мендан умидини узди чоғи, қаергадир учиб кетди. У бир зумда тумшуғида бешиктерватар билан пайдо бўлиб, уни ини олдига қўйди. Илон тилини чиқариб, уя томон яқинлашиб келаверди.
Илон инга яқин келганида бешиктерватар чаққонлик билан икки марта оёқларини чўзиб, ҳужумга ўтди. Дастлаб нима бўлганини пайқамай қолдим. У икки чўзилиб сакрашда илоннинг икки кўзини ўйиб олган экан. Илон шипда безовталаниб, пастга қулаб тушди. Қалдирғоч чирқирашдан тинмасди. Илон пастда кулча бўлиб ётиб олди.
Қалдирғоч эса бешиктерватар олдига аста яқинлашди ва уни авайлаб тишлаб олиб келган томонига бир зумда ташлаб келди...
Файзулла ИСМОИЛОВ.