Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қарори
"Прокуратура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Самарқанд вилояти прокурори Ф.Зуфаровнинг "Самарқанд вилояти прокуратурасининг 2017 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти тўғрисида"ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиялари, туман ва шаҳар кенгашлари ва вилоят ҳокимининг соҳалар бўйича ўринбосарларига қуйидаги вазифалар тавсия этилсин:
– ахборотда билдирилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, жойларда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларни янада кучайтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
– Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда давлат дастурлари ижросини таъминлаш;
– мансабдор шахсларнинг ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришдаги масъулиятини ошириш чораларини белгилаш ва амалга ошириш;
– "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастурининг бажарилишини тўлиқ таъминлашга эришиш. Бунда раҳбар кадрларнинг масъулиятини янада ошириш;
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхонаси, вилоят ҳокимлигига келган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилишини таъминлаш;
– тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган дастурлар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш. Кичик ва хусусий бизнесни кенг қўллаб-қувватлаш чораларини белгилаш ва амалга ошириш;
– ташқи иқтисодий фаолият ва хорижий инвестициялар тўғрисидаги қонунлар ижроси, айниқса, уларни ташкил этиш борасидаги ваколатлардан тўлиқ фойдаланишга эришиш чораларини кўриш;
– соғлиқни сақлашга қаратилган қонун ва қарорлар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;
– қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш чораларини кўриш, фермерлик ҳаракатини кенг омма орасида тарғибот қилиш, фермер хўжаликларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга эътиборни кучайтириш;
– касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга эътибор қаратиш. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ҳокимлиги томонидан берилган топшириқ, кўрсатма ва тавсияларни бажаришда барча поғонадаги масъул ходимларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш;
– узоқ муддатга четга чиқиб кетган ва қайтиб келган фуқаролар билан ишлашда ижроия ҳокимият ҳамда ўзини-ўзи бошқариш органларининг узвий ҳамкорликдаги масъулиятини янада ошириш;
– вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳокимлик ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш;
– аҳоли ўртасида қонунлар ҳуқуқий тарғиботини янада кенгайтириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, бунда асосий эътиборни ўзини-ўзи бошқариш органларига қаратиш.
3. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси (О.Ахтамов)га туман ва шаҳар кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари билан қўшма йиғилишларида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларини муҳокама этиб борсин. Ушбу йиғилишларда ҳудудлардаги ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш тизимидан кенг фойдаланишни таъминласин.
4. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси (О.Ахтамов) ва вилоят ҳокимининг соҳалар бўйича ўринбосарлари (Ш.Худойбердиев, А.Умаров, Ў.Абдуллаев, К.Қурбонов, Ш.Қулматов, М.Восеев, О.Бобоев, М.ўафурова) зиммасига юклансин.
Вилоят Кенгаши сессияси
раиси Б.ШАРОФОВ
2018 йил 12 март