Халқ ўйинлари фақат Наврўз байрамларида ўйналадими?

Миллий ўйинлар тарихи ҳақида биласизми? Бу ўйинларнинг дастлабки намуналари Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Кайковуснинг “Қобуснома” ва Алишер Навоий асарларида учрашини-чи?

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида 150 га яқин миллий ўйинлар ва 20 дан ортиқ болалар ўйини тавсиф қилинган. Жумладан, “қоранғуни” (қоронғида қўрғон олиш), “бандол” (асир олиш), “ўтиш-ўтиш” (давра ўйини), “чавгон” (тўп ўйини), “ўт бандал” (таёқ ўйини), қиличбозлик, найзадорлик ҳақида маълумот берилади. Мавсумий “толбаргак”, “гул ўйини”, “қорхат”, “ёмғир ёғалоқ”, “топишмоқ топ”, “тез айтиш”, “ким айтди” ҳам шулар жумласидан.

Ўғил болалар “Чиллак”, “Тортишмачоқ”ни яхши кўрса, қизлар “Супур-супур”, “Оқ теракми, кўк терак?”, “Ҳаппак тош” кабиларга қизиққан. Ўйинларга эътибор берсангиз, ҳаммаси ҳам ҳаракатдан ёки жисмоний ва ақлий меҳнатдан иборат. Масалан, тез айтиш билан болалар нутқидаги нуқсонлар тўғриланган бўлса, топишмоқлар орқали зеҳни ошган. Тортишмачоқ, чиллак каби ўйинлар болаларнинг жисмоний имкониятларини янада оширган.

Вақт ўтиши билан бу ҳаракатлар такомиллашиб борган. “Тош кўтариш”, “От устида кураш”, “Кўпкари”, “Ланка”, “Арқон тортиш”, “Чиллак” ва бошқа шу каби халқ ўйинлари кўринишига келиб, ёшларнинг севимли машғулоти ва мусобақаларига айланган.

Кейинги вақтда ёшлар, умуман, аҳоли ўртасида халқ ўйинлари ва миллий спорт турларига эътибор ошмоқда. Айниқса, Наврўз байрами арафасида арқон тортиш, кураш, тош кўтариш, улоқ-кўпкари мусобақалари доимий ўтказиб келинмоқда. Аммо аксарият халқ ўйинларининг фақат Наврўз байрамларида ўйналиш одат тусига айланаётгани кўнгилни хира қилади.

Тўғри, турли байрам ва фестивалларда ҳам миллий ўйинлар билан боғлиқ мусобақалар ташкил қилиняпти, таълим муассасаларининг жисмоний маданият таълим йўналиши дастурларида халқ ўйинларини ўз ичига олган ҳаракатли ўйинлар дарслари ўқитилиб, янги қўлланма ва адабиётлар яратилмоқда. Жумладан, Жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Самарқанд филиалида малака оширувчи мактабгача таълим муассасалари жисмоний тарбия йўриқчи-услубчилари ҳамда умумтаълим мактаблари жисмоний тарбия ўқитувчиларига “Ҳаракатли ўйинларни ўқитиш услубияти” фани бўйича амалий ва назарий машғулотлар ташкил қилинган. Шу билан бир қаторда филиал профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчиларга махсус ўқув-семинарлар ва ҳар хил мусобақалар, маҳорат дарслари ўтилмоқда. Аммо бундай фойдали ишларни барча таълим муассасаларида ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Вилоятда кураш, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати ва от спорти (улоқ-кўпкари) каби миллий спорт турлари бўйича самарали ишлар қилинмоқда ва ижобий натижаларга эришилган. Жумладан, вилоятимизнинг барча туманларидаги спорт мактабларида кураш бўйича ўқув-машғулот секциялари ташкил этилган. Айниқса, республика бўйлаб ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларида кураш спорт турининг киритилиши миллий спорт турига қаратилаётган эътибор натижасидир. Ҳозирда вилоятда кураш билан шуғулланадиганлар сони 2700 нафардан ортиқ бўлиб, спортчилар ўтган йил халқаро ва республика мусобақаларида 15 та олтин, 21 та кумуш, 49 та бронза медалини қўлга киритди.

Белбоғли кураш бўйича Самарқандда 7 нафар мураббий қўл остида 70 нафардан ортиқ спортчи шуғулланади. Уларнинг 8 нафари Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси.

Вилоятда ўзбек жанг санъати бўйича 2500 нафар спортчи шуғулланади. Уларнинг 200 нафарга яқини қора белбоғ соҳиби, 20 дан ортиғи жаҳон чемпиони, 100 нафари Ўзбекистон чемпиони, 30 нафари спорт устаси, 150 нафарга яқини спорт усталигига номзод ва 3 нафари давлат мукофоти соҳиби.

Вилоятда от спорти (улоқ-кўпкари)ни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам эътиборга молик. Биргина 2022 йилда вилоятда 50 дан зиёд вилоят, Ўзбекистон чемпионати ҳамда халқаро турнирлар ўтказилди. Жомбой туманидаги “Қорақасмоқ” отчопарида улоқ-кўпкари мусобақасида юртимизнинг турли ҳудудларидан, шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан чавандозлар иштирок этди. От спортини ривожлантириш мақсадида чавандозлар спорт мактаби очилди ва Қорабайир, Ахалтекин зотли 16 бош от олиб келинди. Ҳозирда мактабда 100 нафарга яқин ёш от спортининг “бешкураш”, “от юрттириш”, “поло”, “тўсиқлардан сакраш”, “улоқ-кўпкари” йўналишлари бўйича шуғулланмоқда.  Шунингдек, бўлинмаларда хизмат отларидан фойдаланган ҳолда маҳалла ёшлари ва мактаб ўқувчилари учун машғулотлар ўтказиш тизими йўлга қўйилган.

Ҳамроқул Рофиев,

Жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини малакасини ошириш институти Самарқанд филиали профессори.