Халқ қабулхонаси ходимлари халқ дардини тингламоқда, муаммоларини ҳал қилмоқда

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши, секторлар раҳбарлари билан аҳолининг дарду ташвишлари эшитилиши йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларга ечим топиш, жамиятда адолатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Бу ўз навбатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқларнинг обод бўлишига замин яратмоқда.

Хусусан, Самарқанд тумани Миронқул маҳалласида ичимлик суви долзарб муаммо бўлиб келган. Халқ қабулхонаси томонидан берилган таклиф асосида маҳаллада сув иншооти бунёд этилиши учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиб, тегишли ишлар бошланди.

Албатта, мурожаатларда айрим мутасаддиларнинг бепарволиги, бунинг оқибатида баъзи фуқароларнинг қийин аҳволга тушиб қолганлигини ҳам кузатиш мумкин.

Мисол учун, Ангаролмос маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Раҳбар Пўлатованинг қурилиш материаллари билан таъминлаш юзасидан мурожаати жойида ҳал этилди. Таъкидлаш лозимки, бу фуқаронинг оиласида 2 нафар ногирон шахснинг борлиги инобатга олиниб, доимий равишда амалий ёрдам бериб келинмоқда.

Бундан ташқари, Гулобод маҳалласида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Тўти Хўжамамедованинг мурожаати ўрганилганда ҳақиқатда фуқаронинг яшаш шароити оғирлиги ва даволаниш учун моддий ёрдамга муҳтожлиги аниқланди ва тегишли тартибда дори-дармонлар билан таъминланди.

Илҳом МУРОДОВ,

Самарқанд туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.